Вазирлар Маҳкамасининг Транспорт бўйича яна бир қарори қабул қилинди
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди
Қарорга асосан:
- Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги тўғрисидаги низом ва унинг тузилмаси;
- Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низом ва унинг тузилмаси;
- Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низом ва унинг тузилмаси тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомда "Ўзтемирйўлназорат" инспекцияси мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, фаолияти ва ҳисоботини ташкил этиш тартиби, шунингдек, "Ўзтемирйўлназорат" инспекцияси раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлиги белгиланган.
Низомга мувофиқ қуйидагилар "Ўзтемирйўлназорат" инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
- темир йўл транспортида фойдаланиладиган маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги назоратини амалга ошириш, шунингдек, уларни сертификатлашдан ўтказишни ташкил этиш;
- темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни амалга ошириш ва халқаро ташкилотларда Транспорт вазирлиги манфаатларини ифода этиш.
"Ўзтемирйўлназорат" инспекциясига Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг тақдимномасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
Бошлиқнинг "Ўзтемирйўлназорат" инспекцияси бошлиғининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.