Инспекция низоми
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2023 йил 15 декабрдаги 668-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
- Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг (кейинги ўринларда — Инспекция) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш тартибини, шунингдек, раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
- Инспекция автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳаларида назорат функцияларини амалга оширадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
- Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига (кейинги ўринларда — Вазирлик) бўйсунади ва ҳисобот беради.
- Инспекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Вазирлик қарорлари ва буйруқларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
- Инспекция ўз фаолиятини Вазирлик раҳбарлигида, шунингдек, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
- Инспекциянинг қонунчилик ҳужжатлари ва ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари ҳамда кўрсатмалари республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
- Инспекция юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, шу жумладан, чет эл валютасидаги ҳисобварақларига эга.
- Инспекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси;
қисқартирилган номи — Транспорт назорати инспекцияси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Инспекция по надзору в сфере транспорта при Министерстве транспорта Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Инспекция «Узтранснадзор»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — The Inspection of transport supervision under Ministry of Transport of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — inspection «Uztranssupervision».
2-боб. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг вазифалари ҳамда функциялари
- Қуйидагилар Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга ошириш;
автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган автомобилда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш;
республика ҳудудида (Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно) автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш;
юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг ҳамда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини рўйхатдан ўтказиш орқали уларни ҳисобга олиш ва ягона реестрини юритиш.
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:
а) автомобилда ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
йўловчилар, багаж ва юк ташиш қоидаларига риоя этиш, йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлиги, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини таъминлаш, йўловчи ташиш йўналишларида транспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши, белгиланган ҳаракат жадвали ва оралиқ интервалларига риоя этилишини;
йўловчилар ҳаёти, соғлиги ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашга оид мажбуриятларнинг бажарилишини;
ташувчининг лицензия талаблари ва шартларига, рухсатнома ҳужжатлари шартларига риоя қилишини;
йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш қоидаларига ҳамда транспорт воситаларини жиҳозлашга қўйиладиган талабларга риоя этилишини;
автовокзал (автостанция)нинг фаолият кўрсатишига қўйилган талабларга риоя этилишини назорат қилади;
б) сув транспортида ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
сув транспортида ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади;
сув транспортида юк ва йўловчилар ташишни ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, сузиш хавфсизлигини ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар киритади;
сув транспортини ривожлантиришнинг комплекс дастурларини, шунингдек, сузиш хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, сув транспорти фаолиятини мувофиқлаштиради;
кемаларни рўйхатга/қайта рўйхатга олади ва техник кўриклардан ўтказади;
кемаларни қуриш, янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш даврида техник назоратни амалга оширади;
кемаларнинг техник-лойиҳа ҳужжатларининг Регистр қоидалари ва маҳаллий сузиш шартларига мувофиқлигини текширади, келишади ва эксперт хулосасини беради;
сув ҳавзаларида кечувларни ташкил этишда техник талабларни белгилайди ва уларнинг фаолиятини назорат қилади;
сув транспортида содир этилган авария ҳодисалари сабабларини аниқлаш ишларида иштирок этади, таҳлил этади ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;
сув транспортида, шу жумладан, сузиш хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сувда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилади;
сув транспортида кема ҳужжатлари мавжудлигини назорат қилади;
кема экипажи аъзоларининг билимларини текширади;
кема ҳайдовчиларини аттестациядан ўтказади ва кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини беради;
в) темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ташишлар ва ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича:
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларига эга бўлган ёки улардан фойдаланувчи хўжалик бошқаруви ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида темир йўл транспорти соҳасида фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг бўлинмалари (кейинги ўринларда — темир йўл транспорти субъектлари) томонидан умумий фойдаланишдаги темир йўлларда, метрополитенда ва темир йўл шохобча йўлларида темир йўл транспорти соҳасидаги юк ва йўловчилар ташиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
темир йўл транспорти субъектларининг юк ва йўловчи ташишда ҳаракатдаги темир йўл таркиби, техник воситалари, жиҳозлари ва инфратузилмаси объектларини ишчи ҳолатда сақлаш, эксплуатация қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилади;
темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади;
темир йўл транспорти ва метрополитен инфратузилмаси объектларини қурадиган ҳамда ишлаб чиқарадиган корхоналар ва ташкилотларда темир йўл маҳсулотини ишлаб чиқариш, капитал қайта тиклаш ва режали таъмирлаш турларини амалга оширишда технологик жараёнларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилади;
темир йўл транспорти ва метрополитен объектларини қурадиган ҳамда улардан фойдаланувчи корхоналар ва ташкилотлар фаолиятини уларда поездларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича техник текширишни ташкил этади ва амалга оширади;
темир йўл транспорти ва метрополитен объектлари, маҳсулотлари ҳамда технологияларининг қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан уларни доимий ёки вақтинча фойдаланишга қабул қилишда иштирок этади;
темир йўл транспорти субъектлари ва метрополитен томонидан темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлайдиган техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширади;
ўзининг темир йўлларига эга бўлган субъектларнинг ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлари натижаларини уларнинг фаолиятига аралашмаган ҳолда таҳлил этади ва баҳолайди;
темир йўл транспортида хавфли юклар транзити, қурол-яроғ, ҳарбий техника ва ҳарбий мол-мулкнинг, шунингдек, ҳарбий таркибларнинг транзити бўйича белгиланган тартибда хулосалар беради;
темир йўл транспорти ва метрополитенда поездлар ҳалокати ҳамда авариялар бўйича хизмат текширувларини ташкил этади ва амалга оширади;
темир йўл транспорти субъектлари томонидан темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлганда, хизмат текширувини ўтказиш бўйича комиссия таркибида иштирок этади ва хизмат текширувлари ҳисобини юритади;
темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар тўғри таснифланишини, улар томонидан хизмат текширувларининг белгиланган муддатларда, холисона ўтказилиши ва тўғрилигини назорат қилади;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг йўловчи поездларининг бошқа давлатлар ҳудудида юз берган авария ва ҳалокатларининг хизмат текшируви ишларида белгиланган тартибда иштирок этади;
2) автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлашда (кейинги ўринларда — йўл қурилиши) шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
йўл қурилиши объектларида бажариладиган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларининг, шунингдек, уларда қўлланиладиган материаллар ҳамда конструкцияларнинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда лойиҳа ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат назоратини таъминлайди;
йўл қурилиши объектининг лойиҳа ҳужжатларида қабул қилинган техник ечимлар, шунингдек, йўл қурилиши жараёнида лойиҳа ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларнинг қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилади;
йўл қурилиши объектларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда техник, муаллифлик ва ички назорат юритилиши устидан давлат назоратини таъминлайди;
қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш комиссияларининг ишида иштирок этади, бажарилган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш ишларининг тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги ҳамда ишларнинг сифатини аниқлаш бўйича диагностика ва лаборатория синовлари ўтказилишини назорат қилади;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳамда автомобиль йўлларини балансида сақловчиларнинг қоидабузарликлар тўғрисида киритган маълумотлари асосида йўллар, шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларида йўл тўшамасини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш ҳамда қайта тиклаш ишларини назорат қилади;
йўл қурилишида шаҳарсозлик қонунчилигига риоя этилишини назорат қилишни ташкил этиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
3) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган автомобилда халқаро ташиш шартларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
автомобилда халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларига риоя этилишини;
йўловчилар, багаж ва юкларни мунтазам ҳамда номунтазам ташиш учун рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлигини;
ҳаракат жадвалига риоя қилинишини;
халқаро автомобилда йўловчилар ва багажни номунтазам ташишларда йўловчилар рўйхати мавжудлигини;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида йўловчилар, багаж ёки юкларни ташиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча келтирилган хорижий давлатлар автотранспорт воситаларида ташишда (каботаж ташишда) халқаро шартномалар шартларига риоя этилишини;
хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган ҳаракатлар чизмасига риоя этишини;
автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишда ташувчиларнинг автотранспорт воситасининг давлат ҳудуди бўйлаб ўтиши ва тегишли ташиш турини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома бланкаларисиз ташиш билан шуғулланиши, рухсатнома бланкаларини тўлдириш бўйича талабларни бузиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб транзит ўтиши учун мўлжалланган йўналишларда ҳаракатланишини назорат қилади;
4) республика ҳудудида (Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари бундан мустасно) автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилишини назорат қилиш соҳасида:
стационар ва мобил постларда транспорт воситаларининг вазн ҳамда ҳажм параметрларига (оғирлик, узунлик, баландлик, кенглик ва бошқалар) мувофиқлигини;
катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар мавжудлигини;
Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтувчи ва транзит ҳудуд бўйлаб хавфли юк билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларида:
хавфли юкни ташишга рухсатномаси мавжудлигини;
йўналиш маршрутининг мавжудлигини;
ташувлар кузатув асосида амалга оширилаётганлигини;
ташилаётган хавфли юкларни товар транспорт ҳужжатларига хослигини ҳамда ҳаракатланиш тартиби бузилмаганлигини назорат қилади;
5) юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг ҳамда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш соҳасида:
ҳайдовчиларнинг шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташиш автобусларини, халқаро юк ташиладиган транспорт воситаларини назорат асбобларисиз (тахографларсиз, носоз тахографдан фойдаланган ёки тахографни ўчирган ҳолда ҳамда ҳайдовчида махсус тахограф картасиз) бошқариши, шунингдек, ишлаш ва дам олиш режимини бузиши (тахограф маълумотларига асосан) ёки бошқа ҳуқуқий асосларга кўра меҳнат ва дам олиш тартибига риоя этганлигини текширади;
рақамли технологияларни қўллаган ҳолда, темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташишда локомотив бригадалари ишчиларининг меҳнат ҳамда дам олиш режимини назорат қилади;
юк ва йўловчиларни ташишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ҳамда дам олиш режимини текшириш жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан қўшимча ҳолатлар аниқланган тақдирда, тегишлилиги бўйича бошқа давлат органларига кўриб чиқиш учун юборади;
6) ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини рўйхатдан ўтказиш орқали уларни ҳисобга олиш ва ягона реестрини юритиш соҳасида:
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш орқали уларнинг ҳисобини юритади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларининг ягона реестрини юритади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларини ҳисобга олиш учун тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар тўғрилигини жойига чиққан ҳолда ўрганади, техник ҳолатини кўрикдан ўтказади ва унинг натижалари асосида маълумотлар ягона реестрга киритилишини назорат қилади;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ҳамда инфратузилмаси объектларининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномалар беради;
мажбурий талаблар бузилишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган маълумотларни темир йўл транспорти субъектлари фаолиятига аралашмаган ҳолда тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш орқали темир йўл транспорти субъектлари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мониторинг қилади.
- Инспекция қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги
- Инспекция ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) автомобиль ва сув транспорти назорати бўйича:
автотранспорт воситасида юк ва йўловчилар ташиш қоидаларининг бузилиши визуал кузатув ёки махсус мосламалар ёрдамида аниқланганда, автотранспорт воситасини юк ва йўловчи ташишни назорат қилиш бўйича рейд тадбирларида, стационар ва мобил постларда текшириш учун тўхтатиш;
стационар ва мобил постларда рейд тадбирлари жараёнида текшириш учун транспорт воситасини тўхтатишда махсус чироқ-маёқча, овоз кучайтиргич мослама, қўл ёки жезл ишораларидан фойдаланиш;
тўхташ ишорасига бўйсунмаган транспорт воситаларини кузатиш ёки ички ишлар органлари ходимларига хабар бериш ва уларга белгиланган тартибда қонуний чоралар кўриш;
назорат тадбирларида йўловчиларни ва юк ташишда мижозларни излаш бўйича интерактив хизматлар (агрегаторлар) орқали ва бошқа ҳолатларда ноқонуний шуғулланаётган ҳуқуқбузарларни аниқлаш;
ташувчиларга юк ва йўловчи ташиш ҳуқуқи учун берилган лицензиялар ҳамда рухсатнома ҳужжатларининг амал қилиш муддатини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш чораларини кўриш;
назорат тадбирлари давомида ҳуқуқбузарликни аниқлаш мақсадида автомобиль салонида бўлган йўловчилар билан суҳбат олиб бориш;
хорижий ташувчиларга тегишли бўлган, шу жумладан, улар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча олиб кирилган автотранспорт воситаларида йўловчилар ва юкларни ташишда каботаж ташиш ҳолатлари ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда, стационар ва чегара ўтиш пунктларида ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда чоралар кўриш;
хизмат фаолиятини амалга ошириш жараёнида фото, видео тасвирга олиш мосламаларидан фойдаланиш;
ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ҳайдовчиларга жарима солиш ҳақида қарор чиқарилган кундан эътиборан олтмиш кун ичида жарима тўланмаган тақдирда, ички ишлар органларига тегишли ахборот киритиш;
ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базасидан белгиланган тартибда реал вақт режимида фойдаланиш;
транспорт соҳасида назоратни амалга оширишда махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш;
кема ҳужжатларининг амал қилиш муддати тугаганда, кемалар малакали экипаж билан бутланмаганда, кемани кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлмаган шахс бошқарганда, бортда авария-қутқариш, ёнғинга қарши инвентарь мавжуд бўлмаганда, сузиб юрувчи қурилмаларда одамларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи нуқсонлар пайдо бўлганда, кемалардан фойдаланиш, ёнғинга қарши ва санитария хавфсизлиги қоидалари талаблари бузилганда кемалар ва сузиб юрувчи қурилмалардан фойдаланишни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақиқлаш;
б) йўл қурилиши назорати бўйича:
йўл қурилишида фаолият юритиш учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида ваколатли давлат органига таклиф киритиш;
ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун керакли маълумотларни ҳамда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан уларнинг фаолиятида текширув амалга оширилаётган жараёнда текширув предметига оид маълумотларни, ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
йўл қурилиши объектларига монеликсиз кириш;
қўлланиладиган йўл қурилиши материаллари, конструкциялари, буюмлари ҳамда бажариладиган йўл қурилиши ишларининг сифатини текшириш учун зарур бўлган лойиҳа, технологик, ижро ҳужжатларини ва бошқа материалларни лойиҳа, пудрат ташкилотлари ва буюртмачи ташкилотлардан сўраш ҳамда олиш;
пудрат ташкилотларига конструкциялар, узеллар ва деталларнинг айрим элементларини очишни, тагзаминдаги тупроқни синашни ва қайта ёпиб қўйиш, қўлланилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкцияларини, муҳандислик тизимларини синаб кўриш ишларини топшириш, зарурат бўлганда тегишли хулоса тайёрлаш учун илмий-тадқиқот, синаш ва лойиҳа ташкилотларининг экспертларини, мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;
қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш жараёнида бажарилган ишларнинг сифатини текшириш учун лаборатория синовлари ва диагностика ўтказилишини талаб қилиш;
юридик ва жисмоний шахсларга йўл қурилишида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида олтмиш кундан ортиқ бўлмаган муддатни белгилаган ҳолда, бажариши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлари аниқланганда, буюртмачилардан ушбу иш ҳажмларини тўловга қабул қилинган умумий ишлар ҳажмидан чиқариб ташлашни талаб қилиш;
йўл қурилишида мустаҳкамлик ва барқарорлик тавсифлари бузилишига олиб келадиган лойиҳа ечимлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилиши аниқланганда, шунингдек, ўзбошимчалик билан йўл қурилишида авариялар хавфи мавжуд бўлган ҳолларда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришни вақтинча тўхтатиб қўйиш (тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ва аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа реал хавф юзага келишининг олди олиниши муносабати билан фаолиятни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно);
шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бузилишлари юзасидан ваколат доирасида кўрилган чоралар натижасида бартараф этилмаган йўл қурилиш ишлари тўғрисидаги материалларни ҳуқуқ-тартибот органларига бериш;
в) темир йўл транспорти ва метрополитен назорати бўйича:
темир йўл ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлигини таъминлашга, ҳаракатдаги темир йўл таркиби, техник воситалари ва инфратузилмаси объектларини сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва улардан фойдаланишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларининг аниқланган бузилиш ҳолатларини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида Инспекция ваколатига кирадиган масалалар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ва бу борада кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот бериш муддатларини белгилаш;
темир йўл транспортининг техник воситаларидан фойдаланишни ва ташишлар жараёни билан боғлиқ ишларни бажаришни белгиланган тартибда тўхтатиш, носозлиги сабабли одамлар ҳаёти ва соғлигига, ташишлар хавфсизлигига хавф туғдирадиган темир йўл инфратузилмаларида ҳаракатланишни тўхтатиш ёки ҳаракатланиш тезлигини чеклаш тўғрисида кўрсатмалар бериш;
сифатсиз таъмирлангани учун локомотивлар, моторвагонли ҳаракатланувчи таркиб ва вагонларни, йўллар ва бир изни бошқа изга ўтказиш стрелкаларини, сигнализация ва алоқа мосламалари, боғланиш тармоқларини таъмирлашдан чиқаришни тақиқлаш;
локомотивлар, вагонлар, йўллар, сигнал, алоқа ва электр таъминоти тизимлари, шунингдек, темир йўл транспортининг бошқа техник воситалари тегишли комиссия кўригидан белгиланган тартиб бузилган ҳолда ўтказилгани учун уларнинг натижаларини бекор қилиш;
темир йўл транспортига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бузган темир йўл транспорти субъектларига нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақиқловчи чораларни кўриш;
поездлар ҳаракати хавфсизлиги талаблари ҳамда темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракатдаги таркибни, темир йўл транспортининг техник воситаларини сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг бузилиш ҳолатлари юзасидан материалларни тегишли органларга белгиланган тартибда бериш;
темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар бўйича ўтказиладиган хизмат текшируви комиссияларида, шунингдек, хизмат текширувлари даврида ўтказиладиган тадқиқотлар, синовлар, экспертизаларда иштирок этиш;
темир йўл транспорти субъектларидан темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда содир бўлган ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар тўғрисида тезкор хабардор қилишни, шунингдек, ушбу ҳодисалар бўйича ўтказилган хизмат текшируви материалларининг белгиланган тартибда расмийлаштирилишини ҳамда ўз муддатида тақдим этилишини талаб этиш;
давлат хизматларини кўрсатишда ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва инфратузилмаси объектларини белгиланган талабларга мувофиқлигини жойига чиққан ҳолда ўрганиш;
ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва бошқа техник воситаларини янги тури ўзлаштирилганда уларни ишлаб чиқариш (қуриш), синаш, оммавий ишлаб чиқариш ва фойдаланишга қабул қилишда иштирок этиш;
юкланган вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси бўйлаб хизмат сафарлари чоғида Инспекцияга тегишли вагондан поездлар таркибида тўсқинликсиз фойдаланиш;
Инспекция ходимларини Ўзбекистон Республикаси бўйлаб сафарлар чоғида локомотивлар (1 нафаргача) ва поездлар бригадалари таркибига текширувчилар сифатида киритиш.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари автомобилда юк ҳамда йўловчи ташиш, темир йўл, ички сув ва шаҳар электр транспорти ҳамда йўл хўжалиги соҳасида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузади, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади ва маъмурий жазо чораларини қўллайди.
Инспекция ўз ваколати доирасида қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бузилишларини бартараф этиш тўғрисида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда бошқа ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома ва кўрсатмалар киритади.
Инспекция юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирликка белгиланган тартибда киритади.
Инспекция республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда бошқа ташкилотлардан ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ва тушунтиришларни сўраб олади.
Инспекция қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари:
юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши, шунингдек, тегишли соҳадаги давлат сиёсатининг амалга оширилиши;
Вазирликка киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Инспекция қабул қиладиган қарорларнинг сифати, якуний натижалари ва амалга ошириш оқибатлари;
фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш;
назорат натижасида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш ҳамда умумлаштириш асосида ҳудудлардаги тегишли соҳани ривожлантиришга доир таклифлар тайёрлаш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун жавобгардир.
4-боб. Инспекция раҳбарларининг асосий функционал вазифалари
- Қуйидагилар Инспекция бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
Инспекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан Инспекцияга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Инспекция, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар фаолиятига тегишли прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва амалга ошириш;
ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилаш, Инспекциянинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг Инспекция фаолиятининг алоҳида қисмларига раҳбарлик қилиши учун уларнинг шахсий масъулият даражаларини белгилаш;
Инспекция тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Инспекциянинг кадрлар захирасини шакллантириш;
Инспекция ваколатига тегишли масалалар бўйича буйруқлар чиқариш, кўрсатмалар бериш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинма раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Инспекция раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мос равишда амалга ошириш ва ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Инспекция ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Инспекция ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
Инспекция ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ Инспекция тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқ амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ самарали ташкил этиш, жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот ўрнатиш, шахсий қабулларни мунтазам равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини жойларга бориб, белгиланган муддатда ва тартибда қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Инспекция ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
Инспекция ва ҳудудий бўлинмалар ходимларини белгиланган тартибда ишга қабул қилиш ва улар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш;
ўз ваколати доирасида Инспекция ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
Инспекцияга юкланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, лойиҳа ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини эксперт сифатида жалб қилиш;
Инспекция бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.
- Қуйидагилар Инспекция бошлиғи ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;
Инспекциянинг ўзлари назорат қиладиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
ўзлари назорат қиладиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам равишда эшитиб бориш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;
ўзлари назорат қиладиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, ўзлари назорат қиладиган таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон Фармонига ва «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига мувофиқ таркибий бўлинма раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Инспекциянинг йиғилиш қарорлари, Инспекция бошлиғининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;
хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлиш самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига тўлиқ мос равишда амалга ошириш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш.
Инспекция бошлиғи ўринбосарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.
5-боб. Инспекция раҳбарларининг жавобгарлиги
- Инспекция бошлиғи:
Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.
- Бошлиқ ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган ходимлар томонидан Инспекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгардир.
6-боб. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш
1-§. Инспекция раҳбарияти
- Инспекцияга Вазирлар Маҳкамасининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
Инспекция бошлиғининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг тақдимномасига кўра Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
- Инспекция бошлиғи бўлмаган даврда унинг ваколатлари тегишли ўринбосар томонидан амалга оширилади.
- Инспекция бошлиғи:
Инспекция марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимларини ишга қабул қилади ҳамда улар билан меҳнат шартномасини бекор қилади;
ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича ўтказиладиган Вазирлик ҳайъати мажлисларида, йиғилишларида белгиланган тартибда иштирок этади.
Инспекция бошлиғи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
2-§. Инспекция ходимларининг ҳудудий бўлинмалар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби
- Инспекция ходимларининг ҳудудий бўлинмалар билан ўзаро ҳамкорлиги Инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.
- Инспекция ходимлари:
ҳудудий бўлинмаларга раҳбарият топшириқларини етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмаларига уларнинг бевосита фаолияти бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни тўплашни ташкил этади;
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмаларидан тушган таклифларни кўриб чиқади.
- Ҳудудий бўлинмалар:
Инспекция раҳбарияти топшириқлари бажарилиши ҳақида ахборот беради;
ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Инспекцияга тақдим қилади;
автомобиль, темир йўл, сув, электр транспорти ва метрополитенда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган таклифларни Инспекцияга юборади.
3-§. Инспекциянинг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги
- Инспекция ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда республика ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
- Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади.
7-боб. Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Вазирлик ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, рағбатлантиришлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа тўловлардан иборат.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткасининг тасдиқланган разрядлари бўйича белгиланади.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг лавозим маошларига, Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириладиган маблағлар миқдори билан Инспекция ва ҳудудий бўлинмалари таъминоти учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдори ўртасида юзага келадиган тафовут ҳисобига 2 баробар ўсиб борувчи коэффициент қўлланилади.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларига Давлат бюджети ҳисобидан кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча пул тўланади: 2 йилдан 5 йилгача — 0,1; 5 йилдан 10 йилгача — 0,2; 10 йилдан 15 йилгача — 0,3; 15 йилдан ортиқ — 0,4.
Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш, Вазирлик ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан иш ҳақи фондига нисбатан 200 фоизгача миқдорда амалга оширилади.
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари учун автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув транспорти корхоналари ходимларининг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқи ва имтиёзлари, шунингдек, хизмат сафарлари давомида доимий равишда, таътил даврида — бир йилда бир марта автомобиль, темир йўл, ҳаво транспортидан имтиёзли фойдаланиш татбиқ этилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари (назорат функцияси юкланмаган ходимлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган ҳолатлар бундан мустасно) ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилади.
- Назорат тадбирлари жараёнида жисмоний ва юридик шахслар Инспекция ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари томонидан транспорт соҳасидаги назоратни амалга ошириш учун фаолият билан боғлиқ бўлган шарт-шароитларни яратишга мажбурдирлар.
- Инспекция ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш ёки тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумотни тақдим этиш ёки тақдим этишдан бўйин товлаш, шунингдек, Инспекциянинг мансабдор шахсларини Инспекцияга қонунчилик ҳужжатлари билан юкланмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳамда уларга ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
- Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.