Сирдарёда тадбиркорлар учун семинар ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони давлат органлари ва ташкилотлари олдида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида бир қанча вазифаларни қўйди. Жумладан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ходимлари ҳам ушбу йўналишда кенг қамровли ишларни амалга ошириб келишмоқда. Республикамизнинг турли вилоятларида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва темир йўл транспорти вакиллари учун семинарлар ташкил этиляпти. Сирдарё вилоятида ўтказилган галдаги тадбир “Гулистон” станциясида бўлиб ўтди. Унда дастлаб Транспорт ва темир йўл соҳасидаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди, қарорлар моҳияти йиғилганларга тушунтирилди.

         Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид амалга оширилаётган ишлар ва галдаги вазифалар тўғрисида тўхталиб ўтилди. Темир йўлларда содир бўлаётган кўнгилсизликларнинг асосий сабаби таҳлил қилинди ва аксарият ҳолларда  фуқароларимизнинг бефарқлиги, эътиборсизлиги аянчли оқибатларга олиб келаётганлиги маълум бўлди. Шу боис темир йўл кесишмаларида, темир йўл атрофида ҳушёрликни ошириш лозимлиги таъкидланди.

         Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантиришда коррупцияга қарши биргаликда курашиш мазкур иллатни олдини олиш ва бартараф этишда қўл келиши маълум қилинди.

Шундан сўнг барча иштирокчилар ва ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди. Тадбир унинг барча қатнашчилари учун фойдали, қувноқ ва баҳс мунозараларга бой тарзда ниҳоясига етди. 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси

Ахборот хизмати