Тилга эътибор - элга эътибор
Тил миллат зийнати дейишади. Дарҳақиқат ҳар қандай давлатни тараннум қилувчи, унинг ўтмиши ва келажагидан сўзловчи, мавжудлигини белгиловчи воситаларидан бири бу унинг тилидир. Ўзбек тилига Давлат мақоми берилганига 30 йил тўлган бўлсада, тилимиз тўла Давлат тилига айланиши борасида айрим масалалар ўз ечимини кутаётганлиги рост. 2019 йил 21 октябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилинининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларнинг ечимини жадаллаштирди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилди. Вазирлик ва идораларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.
Темир йўлларда юк ва йўловчиларни ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи буйруғига биноан мазкур масъулиятли вазифага юридик фанлар номзоди Комил Сафарович Исмоилов тайинланди.
Ўтган давр мобайнида инспекция фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни, қонуности ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этиш борасидаги тизимли ишлар амалга оширилди. Дастлаб қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун моҳияти, долзарблиги барча ходимларга тушунтирилди. Марказий аппарат ва филиалларда ташкил этилган семинарларда илгари сурилган талаблар тезда амалиётда ҳам ўз исботини топа бошлади. Инспекция фаолиятида 2020 йил бошидан тўлиқ ўзбек тилида иш юритилиши амалга оширилмоқда. Мазкур масала инспекциянинг қуйи турувчи ташкилотларида ҳам танқидий ўрганилиб, иш юритиш ўзбек тилида юритилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, инспекция фаолиятидаги барча йиғилишлар, ҳисоботлар ва текширув якунлари муҳокамаси ўзбек тилида ўтказилмоқда. Ташқи ёзувлар, эълонлар, фуқароларни қабул қилиш жадвали ва бошқа ахборот матнлари ўзбек тилида юритилмоқда.
Шунингдек, ўзбек тилида иш юритиш борасидаги малакаларини оширишга эҳтиёжи мавжуд бўлган ходимлар учун тажрибали тилшуносларни жалб қилган ҳолда ўқув семинарлари ўтказилиши режалаштирилган.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати