Тил - миллат зийнати

          “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида “Тил – миллат зийнати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда инспекция марказий аппарати, Тошкент филиали ходимлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети профессор ўқитувчилари - доцент Жўра Маматов  ва Қодиржон Мўйдиновлар иштирок этишди.

         1989 йил 21 октябрь -  ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган тарихий сана. Ушбу сана мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, муҳим тарихий воқеага айланган ва шу орқали тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имкониятлар яратилган.  Аммо давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги бугунги кунимизнинг долзарб вазифаларидан бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги  “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг эълон қилиниши бу борадаги ишларни жадаллаштиришда дастур-ул- амал бўлди.

           Тадбирда мазкур фармоннинг мазмун моҳияти, давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби йўналишлардаги ишлар ва олдинда турган вазифалар тўғрисида сўз юритилди.  Шунингдек, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи, қонун қабул қилиниши йўлидаги ҳаракатлар ва мустақилликдан сўнг бугунги кунгача бўлган жараёнлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

          Тадбирда инспекция ходимлари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олишди. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик мунтазам давом эттирилиши келишиб олинди.

 

Фирдавс Хайриддинов 
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби –
ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси