Темирйўл транспорти фаолиятида хавфсизлик чора-тадбирлари

 

Бугунги кунда темир йўл транспорти мамлакатимиз ривожланишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, туризм, иқтисодиёт ривожланишида юксак марраларни эгаллаб келяпти. Тизимга бўлган ишончнинг тобора ортиб бориши  сифат ва хавфсизлик билан бевосита боғлиқ. Шу боисдан “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали ходимлари  қолган филиаллар қатори темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини доимий назорат қилиб келишмоқда. Жумладан, локомотив хўжалиги бўйича  10 ой   мобайнида  92 профилактик тадбир  ўтказилди. Тадбирларда қатнашган 515 нафар ходимларга темир йўл транспортига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти ва амалиётда қўлланилиши батафсил тушунтирилди.

Бош инспектор томонидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти корхона ташкилотлари билан бирга шахобча темир йўлига эга бўлган  тадбиркорлик субъектларида ҳам семинар машғулотлари ўтказилди. Мазкур семинарларда 57 нафар ишчи-ходимлар ўзларининг билим ва малакаларини ошириб олишди. Бундай семинарларнинг ўтказишдан кўзланган асосий мақсад темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланишига эришиш, нуқсон ва камчиликларнинг олдини олишдан иборатдир.  

         Темир йўл атрофида яшовчи аҳоли томонидан Самарқанд-Қарши-Шаҳрисабз йўналишида чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига турли буюмлар қўйилиши, вагонларга тош улоқтириш ҳолларига йўл қўймаслик ҳақида ҳам мунтазам равишда тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Аммо, шунга қарамай бундай кўнгилсиз ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Шуни унутмаслик керакки, темир йўл атрофида содир этиладиган ҳар қандай қоидабузарлик кун келиб аянчли ҳодисага сабаб бўлиши мумкин. Мухтасар қилиб айтганда, темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада маҳаллаларда, таълим муассасаларида темир йўлдан ўтиш, поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишларини янада кучайтириш лозим.

 

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати