Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди
Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи J.Karimov Хоразм вилоятида хизмат сафари билан бўлиб, амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди. “Қўнғирот минтақавий темир йўл узели” УКнинг Хоразм ҳудудида инсон омили билан содир бўлган поэздлар ҳаракат хавфсизлигининг бузилиш ҳолатлари ва темир йўл кесишмаларида автомобиллар билан тўқнашувлар сабаблари муҳокама қилинди.
Темир йўл транспорти корхона раҳбарларига поэздлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини, ташиладиган юклар, багаж ва бошқа ишониб топширилган мол-мулкнинг сақланишини, шунингдек йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солувчи вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ишда уйғунлик, юксак уюшқоқлик ва меҳнат мажбуриятларини бенуқсон бажариш талаб этилиши тушунтирилди.
Янги қурилиётган Шовот – Гурлан – Қипчоқ - Қойбақ темир йўл линиясида бўлиб турган ишлар билан танишиш мақсадида жойига чиқиб ўрганилди. Қурилиш ишлари бўйича масъул ходимларга қурилиш ишларини сифатини ошириш бўйича, қурилиш жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган хато камчиликларни олдини олиш юзасидан тавсиялар берилди.
Амударё устидан янги барпо бўлган кўприкни икки тарафидаги (чап ва ўнг) қирғоқларида жойлашган қўриқлаш пунктлари кўздан кечирилди, кўрик давомида кўприкнинг сифатига ва конструкциясига алоҳида эътибор берилди. Кўприк қурилиш ташкилотларига қурилиш бўйича қўшимча кўрсатма ва таклифлар берилди.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати