Темир йўл кесишмаларидаги қоидабузарлик оқибати оғир...

 

Юқори тезликда ҳаракатланувчи темир йўл участкасида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш бўйича “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиалида ходимлари томонидан мунтазам равишда назорат тадбирлари ва профилактик ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республикамизнинг аксарият шаҳар ва туманларида, автомобиль транспорти серқатнов жойларидаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмаларида автоматлаштирилган шлагбаумлар, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган.

Шунингдек, мазкур кесишма постларида назоратчи навбатчилар кечаю-кундуз хавфсизликни таъминлаш мақсадида сергак хизмат қилишади. Қашқадарё вилоятининг Қарши-Китоб, Қарши-Толимаржон йўналишидаги темир йўл ва автомобиль йўлларидаги қўриқланувчи кесишмаларнинг 50 фоизига замонавий видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Бу эса хавфсизликни таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда. Ушбу видеокузатув тизимида тасвирга туширилган автотранспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармаси ҳамкорлигида тегишли равишда маъмурий жавобгарликка тортиляпти.

Кесишмаларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тегишли мутасадди ходимлар билан биргаликда профилактик тушунтириш ишлари ҳам доимий равишда ташкил этилади. Албатта, хавфсизлик темирйўл транспорти фаолияти учун энг муҳим омил ҳисобланади. Шу боис бу борадаги ишларга алоҳида аҳамият қаратилиб келинади. Хусусан, вилоятда тоифаси юқори бўлган қўриқланувчи темир йўл кесишмаларида шлагбаумлар автоматлаштирилди ва қўшимча равишда УЗП қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилди. Эндиликда автошлагбаумлар ёпиқ ҳолатга келгач кесишма темир тўсиқлар билан қўшимча ҳимояланади.

Афсуски, йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлигини ўйлаб амалга оширилган мазкур ишларни ҳамма ҳам тўғри англаб етмаяпти, назаримизда. Айрим ҳолларда ҳайдовчилар билан кесишма навбатчилари ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқармоқда. Яъни ҳайдовчи ёпиқ ҳолатдаги темир йўл кесишмаси олдида турар экан, кесишма навбатчисидан поезд ҳали узоқдалигини айтиб шлагбаумни очишни талаб қиляпти, у билан ноўрин зиддиятга бормоқда. Поезд ўз манзили томон ҳаракатни бошлашдан олдин бекат навбатчиси темир йўлни очиқ ҳолатга келтиради, бунда компьютер орқали огоҳлантирувчи ишоралар берилади. Темир йўл кесишмасида шу ишоралар берилганидан бошлаб 15 сония ўтгач, автошлагбаум автоматик тарзда ёпиқ ҳолатга келади.

Мухтасар қилиб айтганда, темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Бу борада маҳаллаларда, таълим муассасаларида темир йўлдан ўтиш, поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш юзасидан тарғибот ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати