Темир йўл кесишмаларида видеокузатув!

 “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали ходимлари томонидан темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини назорат қилиш ва эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадида профилактик тадбирлар режа асосида давом эттирилмоқда. Жумладан, филиал ҳудудида жойлашган станциялар ва ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган корхоналарда жорий йилнинг ортда қолган 9 ойи мобайнида жами 137  та семинарлар ўтказилди ва унда 1500 нафардан зиёд ходимлар иштирок этишди.  Мазкур тадбирларнинг 17 таси ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектларида бўлиб ўтди.     

Қарши-Китоб ва Қарши-Талимаржон йўналишидаги темир йўл ва автомобиль йўллари кесишадиган, қўриқланадиган кесишмаларга замонавий видеокузатув ускуналари ўрнатилган. Ушбу видеокузатув тизимида тасвирга туширилган автотранспорт ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, тегишли чора кўрилиши учун вилоят ИИБ ЙҲХ бошқармасига юборилмоқда. Кесишмаларда кечаю-кундуз навбатчилик ҳам йўлга қўйилган.

Хавфсизлик темир йўл транспорти фаолияти учун энг муҳим омил ҳисобланади. Шу боис бу борадаги ишларга кенг қамровда аҳамият қаратилади.  Хусусан, жорий йилнинг сентябр ойида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати бошқармаси билан биргаликда  11 та ўқув муассасаларида таҳсил оладиган ва 14 та маҳаллаларда истиқомат қиладиган аҳоли  ўртасида темир йўл атрофида чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирмаслик, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига тош қўйилиши ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида тyшунтириш ишлари ўтказилди. Қоидабузарликка йўл қўйганларга кўриладиган жазо чоралари ҳам эслатиб ўтилди.

 

Олим Қурбоназаров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи