Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот!

Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот!

          Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Бухоро филиалида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун Сайёр қабул ташкил этилди. Бухоро минтақавий темир йўл узелида ўтказилган тадбирда инспекция марказий аппарати, Бухоро филиали ходимлари ва тадбиркорлар иштирок этишди.

          Дастлаб, йиғилганларга транспорт ва темир йўл соҳасидаги сўнгги янгиликлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар борасида маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ–5647-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  ПҚ-4143-сон Қарори тўғрисида тўхталиб ўтилди. Янги ташкил этилган вазирлик  автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен, шунингдек йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича давлат бошқарув органи эканлиги, унинг асосий вазифалари, функция ва ваколатлари тўғрисида сўз юритилди.  

          Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада яхшилаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш долзарб вазифалардан саналади. Жумладан, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш ишбилармонлар йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш баробарида мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини оширишга замин яратади. Очиқ мулоқот тарзидаги тадбирда коррупцияга қарши курашнинг бугунги ҳолати, ушбу иллатни бартараф этишда яна нималарга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

            Шундан сўнг тадбиркорлар ўзларидаги мавжуд муаммолар, ечимини кутаётган масалалар ва фаолиятлари самарадорлигини ошириши мумкин бўлган таклифлари билан мурожаат қилишди. Аксарият мурожаатлар жойида ижобиий ҳал этилди.

            Бугунги тадбир биз учун ҳар томонлама самарали бўлди, - дейди Мурод Қосимов. – Темир йўл соҳасидаги кўплаб янгиликлар, янги норматив ҳужжатлар билан танишдик. Коррупцияни олдини олишда олиб борилаётган ишлар ва унда бизнинг иштирокимиз ҳам иллатни бартараф этишда қай даражада муҳим эканлиги борасида тушунтириш берилди. Зарур ҳолларда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси раҳбариятига мурожаат қилишимиз (оғзаки, ёзма ва расмий сайт орқали) мумкинлиги тўғрисида ахборот берилди. Шахсан ўзим лицензия бўйича, унинг амал қилиш муддати ва давлат божлари тўғрисида саволимга батафсил ва аниқ жавоб олдим.

Тадбиркорлар иштирокидаги ба каби тадбирлар Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам йил давомида ташкил этилади.

Фирдавс Хайриддинов

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси

Ахборот хизмати бошлиғи