Семинарларда темир йўл ходимларининг билимлари мустаҳкамланмоқда
Бугунги кунда Республикамиз аҳолисига ҳамда юртимизга ташриф буюраётган меҳмонларни узоғини яқин қилиш, уларга темир йўл тизимида сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида «Тошкент-Самарқанд-Қарши», «Тошкент-Самарқанд-Бухоро» темир йўл участкаларида юқори тезликдаги “Афросиёб” электропоездлари ҳаракатланмоқда. Юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссияси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилишини мунтазам равишда мониторинг қилиб боради.
Идоралараро комиссия ҳар ойда жойларда амалга оширилаётган ишларни, юзага келаётган муаммоларни ўрганиш, муҳокама қилиш мақсадида сайёр йиғилишлар ўтказиб келмоқда. Йиғилишларда ҳаракат хавфсизлиги билан биргаликда темир йўл атрофининг эстетик кўриниши, ободонлаштириш ишларининг аҳволи атрофлича таҳлил қилинади ва мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилади.
Комиссиянинг чора тадбирларидаги вазифаларни бажариш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти масъул вазирлик ва идоралар вакиллари билан биргаликда юқори тезликда ҳаракатланиш темир йўл участкаси атрофида жойлашган ўқув муассасаларида ва маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб бормоқда. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ харбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси томонидан жорий йилнинг дастлабки икки ойи давомида 44 маротаба профилактик ишлари ўтказилди. Тадбирларда темир йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтмаслик, поездларга тош отмаслик, темир йўл изларига турли буюмларни қўймаслик, темир йўл атрофида чорва молларини эътиборсиз қолдирмаслик борасида тушунтиришлар берилди.
Инспекциянинг Тошкент филиали ҳудудидаги станциялар ва ўзининг темир йўл шахобчаларига эга бўлган корхоналарда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йил бошидан буён 100 дан ортиқ семинарлар ўтказилди. Темирйўлчиларнинг билимларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларда 180 нафардан ортиқ ходимлар иштирок этишди. Шундан 8 та семинар ўзининг шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъекларида ўтказилган бўлиб, хўжаликлар бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундай семинарларнинг ўтказишдан кўзланган асосий мақсад темир йўлларда ҳаракат хавфсизлиги бузилишини олдини олиш ва қоидаларга риоя қилинишига эришишдан иборатдир.
Фаррух Зоиров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Тошкент филиали инспектори