Рухсатномасиз ўрнатилган сунъий нотекисликлар жавобгарликка сабаб бўлади
Йўл ҳаракати қатнашчилари йўлдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмасликлари керак. Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларга йўл қопламасини бузиш, ўзгартириш ёки зарар етказиш, ифлослантириш, йўл белгиларини, светофорларни ва ҳаракатланишни ташкил этишнинг бошқа техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаш, ўрнатиш, тўсиб қўйиш, шикастлантириш, йўлларда ҳаракатланишга тўсқинлик қилувчи нарсаларни қолдириш, «сунъий нотекислик» қурилмаларини ўрнатиш тақиқланади.
Транспорт назорат инспекциясига аҳолидан бу борада келиб тушган ҳар бир мурожаат жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Кибрай тумани «Унқўрғон» МФЙда сунъий нотекисликлар ўрнатилгани бўйича мурожаат юзасидан Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан ўрганилиб, рухсатномасиз ўрнатилгани аникланди ва бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.
Эслатиб ўтамиз, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати