Профилактик тадбирлар давом эттирилади

 

Мамлакатимиз ҳукумати Ўзбекистонда COVID-19 коронавируснинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида барча чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 2020 - йил 24 - мартдан бошлаб маҳаллий йўналишларга ҳаракатланадиган барча йўловчи поездлар қатнови вақтинча тўхтатилганди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишда “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларга босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгилаб ўтилган эди. Шунга мувофиқ Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Унга кўра жорий йилнинг 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ҳамда Қарши шаҳарларига “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар ҳамда Фарғона водийсига тезюрар йўловчи поездлар қатнови қайта йўлга қўйилди.

Поездлар қатновига рухсат берилган кундан бошлаб параллель равишда  “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари ҳам профилактик тадбирларни бошлашди. Жумладан, Қашқадарё филиали xодимлари темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминланишини қолган филиаллар қатори назорат қилиб бормоқда. Жорий йил май ойи давомида “Ўзтемирйўлназорат” инпекцияси Қашқадарё филиали ходимлари  томонидан  67 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб, инспекторлар режага мувофиқ ишларини олиб боришмоқда.

Филиал инспекторлари темир йўл кесишмаларида рўй бериши мумкин бўлган хавф хатарларни олдини олиш мақсадида Қашқадарё темир йўл таъмирлаш корхонасига қарашли 11 та қўриқланмайдиган ва 11 та қўриқланадиган жами 22 темир йўл кесишмаларида профилактик ишларни амалга ошириб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўришди. Темир йўл излари иш ҳолатида бўлиши ва вагонларнинг камчиликсиз темир йўлда ҳаракатланиши учун барча зарур тавсиялар берилди.

Барча профилактик тадбирлар мамлакатимизда амалда бўлиб турган карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда олиб борилмоқда.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати