Поездлар сониясига қанча масофа босиб ўтади?
Темир йўл кесишмаларида шошма-шошарлик, тартибсизлик тузатиб бўлмас хатоларни юзага келтиради. Бундай ҳудудлардаги қоидабузарликлар кўпинча фалокатлар билан якун топади. Водий вилоятлари бўйлаб ҳаракатланадиган машинистлар жорий йилнинг ортда қолган икки ойи давомида одамлар, автомашиналар ҳамда ҳайвонларни уриб юбормаслик учун 5 маротаба бошқарувдаги поездларни фавқулодда тўхтатишга мажбур бўлишган.
Аммо ҳар доим ҳам катта тезликда келаётган поездни тўхтатиб қолиш имконияти мавжуд эмас. Водий вилоятлари, жумладан Андижон – Марғилон йўналишида поездлар соатига 100-115 километр тезликда ҳаракатланади. Ўртача 80 км/соат тезликда ҳаракатланадиган поезд сониясига 23 метр масофани босиб ўтади. Юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларнинг кўрсаткичини тасаввур қилаверинг. Поезд фавқулодда тезкор тормоз берилгандан кейин камида 350-400 метр масофа босиб ўтиб, кейин тўхтайди. Кўриниб турибдики, тўқнашувларнинг олдини олишнинг ягона ва самарали усули бу - хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш ва темир йўл кесишмаларидан ўтаётганда эътиборсизликка йўл қўймасликдир.
Қувасой – Фарғона-2 йўналишининг 18 км 4 пикет оралиғида поезд яқинлашаётганини кўра билиб туриб, темир йўлни шошиб кесиб ўтишга уринган фуқаронинг тақдири фожеавий якун топди... Қиргули – Фарғона-2 станциялари оралиғида жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмасида тепловоз билан автокран ўртасидаги йўл-транспорт ҳодисасига ҳам ҳайдовчи айбдор. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан темир йўл транспорти соҳасида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор норматив — ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда назорати амалга оширилмоқда. Темир йўл транспорти ташкилот ва муассасаларида олиб борилаётган профилактик ишлар натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда.
Темир йўл транспортидаги аянчли оқибатларга олиб келган ҳолатларни таҳлил қиладиган бўлсак, воқеа-ҳодисаларнинг аксариятида фуқароларимизнинг йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги ёки билиб туриб амал қилмаслиги сабаб бўлмоқда. Ўз ҳаётимиз ва соғлиғимизни турли кўнгилсизликлардан сақлаш ҳар биримиздан, энг аввало эътиборли бўлиш ва қоидаларга риоя қилишни талаб этади. Зеро, оддий қоидалар ҳам бизни турли офатлардан омон қолишимизга асос бўлишини ёдда тутайлик!
Адҳамжон Юнусов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Фарғона филиали бош инспектори