Қонунчилик ҳужжатлари ижроси назоратида қандай ўзгаришлар бўлди?
Ижро интизомини таъминлаш, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этиш жамият тараққиётига эришиш ва бу орқали халқ фаровонлигини таъминлашда, кўплаб соҳаларнинг жадал ривожланишига эришишга хизмат қилади. Шу боис мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш кун тартибидаги муҳим ва долзарб масалалардан саналади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилишда замонавий талабларни қамраб олиши билан биргаликда раҳбар ва мутасаддиларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишда дастуриламал бўлди.
Янги фармоннинг тўла-тўкис ишлаши ижрочиларга бевосита боғлиқ жараён. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғи билан фармон мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида ўқув-амалий семинарлар ўтказиш белгиланди.
Семинарларнинг дастлабкиларидан бири 2 март куни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Транспорт университетида видеоконференция алоқа тизими орқали ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибиятига бириктирилган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда фармоннинг мазмун-моҳияти маърузачилар томонидан батафсил тушунтириб ўтилди. Унга кўра 2021 йил 1 майдан бошлаб барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади. Мазкур тизимга қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан киритилиши лозим бўлган зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаслик ёки нотўғри маълумотларни киритилишига йўл қўймаслик бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари шахсан жавобгарлиги белгиланган.
Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар билан ишлаш тартиби, ижро натижаларини текшириш ва назорат қилиш ҳамда ижро муддатини узайтириш бўйича умумий қоидалари тўғрисида сўз юритилди. Қонунчилик ҳужжатларини ижрочиларга етказиш ва норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий экспертизадан ўтказиш бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисида фикр алмашилди, тушунтиришлар берилди.
Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларига фармон юзасидан қилиниши лозим бўлган ишларни ташкиллаштириш ва жойларда тушунтириш ишларини давом эттириш бўйича топшириқлар берилди.
«Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси
Ахборот хизмати