Инспекция бошлиғи йўл корхоналари фаолияти билан танишди

Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Жамшид Каримов Автомагистрал ихтисослаштирилган автомобил йўлларини қуриш-таъмирлаш бирлашмасида бўлиб, асфалтобетон қопламаларига юзаки ишлов бериш технологиясини амалга оширувчи махсус техникалар билан танишди. Махсус техника ёрдамида бугунги кунда умумфойдаланувдаги автомобил йўлларида кузатилаётган майда ёриқлар, бузилишларни олдини олишда фойдаланиш бўйича кўрсатмалар берди. Мазкур технологияни кенг татбиқ қилиш, уни иқтисодий кўрсаткичларини ҳисоблаш ва таклифлар киритиш лозимлиги таъкидланди.

Инспекция раҳбари автомобил йўлларида ҳаракат хавфсизлигини ташкил қилиш бўйича асосий восита бўлган йўл белгилари ҳамда йўл ётиқ чизиқларида фойдаланилаётган бўёқ маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи “Автойўлбелги ЛУМЕИ Траффис” МЧЖ қўшма корхонаси ҳамда “АВТОЙЎЛБЕЛГИ РОАД МАРКИНГ” МЧЖ қўшма корхонасига бориб, у ерда ишлаб чиқарилаётган автомобил йўл чизиқлари учун бўёқ маҳсулотларини кўздан кечирди. Маҳсулот ишлаб чиқаришда лаборатория текширувлари амалга оширилиши, бўёқ ва йўл белгилари учун қўлланиладиган стандарт талабларга мувофиқлигини текшириш жараёнлари билан танишиб, сифат назорати бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

 

Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати