Қўқонда тадбиркорлар билан учрашув

  Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Фарғона филиалида шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ўқув семинари ўтказилди. “Қўқон” минтақавий темир йўл узелида ташкил этилган тадбирда иштирокчилар ўзларининг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаб олишди.  

         Президентимизнинг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони давлат органлари ва ташкилотлари олдида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида бир қанча вазифаларни қўйди. Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари ҳам мазкур йўналишда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириб келишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан  жорий йилнинг 20 октябридан 20 ноябрига қадар Ўзбекистон Республикасида “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” деб эълон қилиниши бу борадаги ишларнинг қамровини янада кенгайтирди.

Инспекциянинг марказий аппаратида бошланган “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” доирасидаги тадбирлар Қўқон шаҳрида ҳам тадбиркорлар ва транспорт соҳаси вакиллари иштирокида давом эттирилди.  Унда Сайлов кодекси мазмун моҳияти, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар ва уларни амалиётда қўллаш тартиби ҳақида сўз юритилди. Бу галги сайловларда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилганлиги ва унинг афзалликлари, депутатларга қўйиладиган талаблар борасида ахборот берилди.  

  Шунингдек, “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг асосий вазифаларидан бўлмиш темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидбузарликларни олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида маълум қилинди. Ўтган ва жорий йилнинг ортда қолган 9 ойи давомидаги кўрсаткичлар, ютуқ ва камчиликлар таҳлил қилинди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда яна нималарга риоя этиш лозимлиги бўйича тушунтиришлар берилди.

         Тадбиркорлик субъектлари вакилларининг фаолиятлари янада ривожланиши учун коррупцияга қарши биргаликда курашиш орқали мазкур иллатни бартараф этиш мумкинлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.  

Фирдавс Хайриддинов –
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг
 матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари
бўйича маслаҳатчиси