Олмалиқ КМК да тадбир...
Темир йўл транспорти ишончлилиги, хавфсизлиги ва юқори даражадаги сервис хизмати билан ажралиб туриши ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, инсон соғлиғи ва ҳаёти ҳеч нарса билан таққослаб бўлмас бойликдир. Темир йўл мазкур сифатларни ўзида сақлаб қолиши, шунингдек, халқимиз ҳамда мамлакатимизга ташриф буюрган мехмонларнинг ишончи янада ортиши учун ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу орқали фуқароларимиз узоғини яқин қилиш баробарида, мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигига ҳам муҳим улуш қўшилади.
Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда профилактик тадбирларнинг ўрни бўлакча. Зеро, хавфни бартараф этишдан кўра уни олдини олиш муҳим саналади. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси марказий аппарати ва филиал ходимлари мунтазам равишда профилактик тадбирларга алоҳида урғу беришади. Ўтган ҳафта ОТМК акциядорлик жамиятида ташкилотга қарашли темир йўл соҳасида фаолият юритадиган раҳбар ва ходимлар учун семинар ташкил этилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда кончилар темир йўл борасидаги билимларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда соҳадаги сўнгги янгиликлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди. Жумладан, саноат корхоналарида ҳаракат хафсизлиги бузулишларини олдини олиш, вагон шохобча йўлига юриб кетган ҳолда биринчи кўриладиган чоралар, ностандарт ҳолатларда локомотив бригадасининг ҳаракати борасида тушунтиришлар берилди.
- Юкларимизнинг асосий қисмини темир йўл транспорти орқали ташишимиз боис ҳаракат хавфсизлигига риоя этиш асосий вазифаларимиздан саналади, - дейди ОТМК акциядорлик жамияти саноат темир йўл транспорти бошқармаси бош муҳандиси ўринбосари Ҳаким Мамбетов. Ташкилотда ходимларимиз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида мунтазам равишда семинарлар ўтказамиз. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси мутахассислари томонидан ташкил этилган бугунги тадбир барча учун бирдек қизиқарли ҳамда самарали бўлди. Айниқса, темир йўлларда юз бериши мумкин бўлган турли ҳолатлар видеоролик шаклида намойиш этилгани ва таҳлил қилингани ходимларимиз учун ниҳоятда фойдали бўлди. Асосийси ҳаракат хавфсизлигига риоя этмаслик оқибатида юз бериши мумкин бўлган салбий ҳолатларни кўриб, бунга йўл қўймаслик чоралари борасида чуқурроқ билим ва маълумотларга эга бўлдик.
Тадбир давомида ҳаракат хавфсизлигини таминлаш мақсадида темир йўл ходимларининг ўзига тегишли йўриқномалари ва саноат корхонасида темир йўллардан техникавий фойдаланиш коидаларига риоя қилиш бўйича тавсиялар берилди.
-Семинарда хавфсизлик талаблари билан биргаликда иштирокчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида транспорт соҳасидаги ва бошқа қонун ҳужжатлари мазмун моҳияти билан ҳам батафсил таништирдик, - дейди “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи Алишер Нарходжаев. Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар, бўлажак вазифалар борасида ахборот берилди. Темир йўл кесишмаларида диққат-эътиборни ошириш лозимлиги, кесишмаларда ҳаракатланиш тартиби борасида ҳам кўрсатмалар берилди.
Инспекция марказий аппарати сентябрь ойининг ўзида ОТМК акциядорлик жамиятидан ташқари, "Максам-Чирчик" АЖ, “Максам-Аммофос” АЖ, “Янги-Ангрен ИЭС” АЖ, Ангрен кўмир кони каби корхоналарда ҳам семинарлар ўтказишди. Филиалларда ҳам профилактик тадбирлар давом этмоқда.
Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби-ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси