Назорат тадбирларида нималарга эътибор қаратиш лозим?
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида назорат тадбирлари давомида юзага келиши мумкин бўлган турли ҳолатларда инспекторларнинг қонуний ҳаракатлари юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходими Дилшод Насриддинов, Ўзбекистон Республикаси Транспорт Прокуратураси Умумий назорат бўлими бошлиғи Саидкамол Мухторов ва мазкур бўлим ходими Санжар Мирзаахмедов ҳамда инспекция марказий аппарати ва ҳудудий филиаллар ходимлари иштирок этишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорларга кенг йўл очиб берилган бўлиб, уларнинг қонуний манфаатлари давлат ҳимоясида. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари ҳам шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ваколатлари доирасида текшириш давомида қонун талабларига қатъий риоя қилишади. Ўз навбатида назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик субъекти вакиллари томонидан текширишлар якунига кўра тақдим этиладиган далолатномани тегишли тартибда келишишни асоссиз равишда рад этиш ёки пайсалга солишга ўхшаш ҳолатлар ҳам учраб туради. Семинарда юқоридаги каби ҳолатларда инспекторлар қандай йўл тутиши лозимлиги, тадбиркорлик субъекти вакилларининг мазкур ҳаракатларини расмийлаштириш тартиби бўйича тушунтиришлар берилди.
Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузишларига қарши курашишни кучайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ўртасида “Темир йўл транспорти соҳасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид қонунбузишлар юзасидан ҳужжатларини расмийлаштириш ва прокуратура органларига тақдим этиш Тартиби” тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси назорат тадбирларида, поездлар ҳаракати хавфсизлиги талаблари бузилишини таснифлашда ва хизмат текширувларини олиб боришда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган талаблардан бўйин товлаган ёки қўпол бузган масъул юридик ва жисмоний шахслар ҳаракатларида қонунбузилиши ҳолатлари ҳужжатлари расмийлаштирилгандан 30 кундан кечиктирмасдан тегишли мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Транспорт прокуратурасига юборишни тартибга солади.
Мазкур Тартиб Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини бузилишига олиб келувчи эҳтимолий хавфларни олдиндан баратарф этиш ва темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминланиши устидан назорат қилиш борасида самарадорликни янада ошириш имконини беради, - дейди Транспорт Прокуратураси Умумий назорат бўлими бошлиғи Саидкамол Мухторов. Бундан ташқари қонунбузишларни таснифлаш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш орқали уларга қарши таъсирчан чоралар қўллашимиз, Транспорт прокуратураси ва “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳамкорликда курашишимиз мумкин бўлади.
Тадбирда йиғилганлар кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
Фирдавс Хайриддинов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби – ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси