Байроғимиз - фахримиз, ғуруримиз!
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан мамлакатимиздаги вазирлик ва идораларда, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида турли маданий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиляпти. Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ташкил этилди. Унда инспекция марказий аппарати, Тошкент филиали ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ўзгача руҳ бағишлайди. Шу боис, байроғимиз ва гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғусини ҳис этамиз.
Тадбирда сўзга чиққан инспекция Бош юрисконсулти Р.Исроилов йиғилганларга “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берди. Давлат байроғига катта ҳурмат ва эъзоз билан муносабатда бўлиш, яъни ундан фақат қонун талабларига мос равишда фойдаланишимиз, кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозимлиги таъкидланди. Байроқдаги ранглар мазмунига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўзбекистон байроғидаги ярим ой бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқлиги, 12 юлдуз тасвири қадимги йилномамизга бевосита алоқадорлиги, шунингдек, қадимда мамлакатимиз ҳудудида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланиши мисоллар ёрдамида тушунтириб берилди.
Давлат байроғи ҳар биримизнинг фахримиз, ғуруримиз, - дейди инспекция бўлим бошлиғи Шерзод Набиев. Ёшлигимдан спортга қизиққаним боис, ҳамюртларимизнинг ғалаба онларида мадҳиямиз садолари остида байроғимиз кўтарилишини ўзгача иштиёқ билан кузатардим. Умуман ҳар бир давлат рамзи мен учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги тадбирда байроғимизнинг тарихи, ундаги ранглар, тасвирларнинг қанчалик чуқур ғоя ва мазмунга эга эканлигини билиб олдик.
Иштирокчилар ҳуқуқий билим ва малакаларини мустаҳкамлаш баробарида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати