Темир йўл кесишмаларидаги хавфсизликка барчамиз масъулмиз
Йўл-транспорт коммуникациялари глобал тармоқлар орқали интеграциялашаётган, барча турдаги транспорт воситаларининг тезлиги ортиб бораётган даврда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарблик касб этади. Бу темир йўл транспорти фаолиятини самарали ташкил этиш учун ҳам энг муҳим омил ҳисобланади. “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясининг Тошкент филиали ходимлари томонидан бу борада зарур чоралар кўрилаётганига қарамай айрим фуқароларнинг ҳуқуқбузарлиги туфайли ҳаракат хавфсизлигига путур етяпти. Ўтказилган кузатувлар натижасида фуқароларнинг темир йўлдан фойдаланиш қоидаларини жуда қўпол равишда бузиши, қолаверса, автомобил ҳайдовчилари томонидан темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё. Жиззах вилоятларида тоифаси юқори бўлган қўриқланувчи темир йўл кесишмаларидаги шлагбаумлар бошқаруви автоматлаштирилган. Бу эса ҳайдовчилар билан кесишма навбатчилари ўртасида тушунмовчилик келтириб чиқармоқда. Яъни ҳайдовчи ёпиқ ҳолатдаги темир йўл кесишмаси олдида турар экан, кесишма навбатчисидан поезд ҳали узоқдалигини айтиб шлагбаумни очишни ноўрин талаб қилади, баъзида у билан зиддиятга боради. Ваҳоланки, уларнинг бу эътирози умуман ўринсиз, ушбу ҳолат навбатчига боғлиқ эмас. Яъни поэзд ўз манзили томон ҳаракатни бошлашдан олдин бекат навбатчиси темир йўлни очиқ ҳолатга келтиради, бунда компютер орқали огоҳлантирувчи ишоралар берилади. Темир йўл кесишмасида шу ишоралар берилганидан бошлаб 15 сония ўтгач, автошлагбаум автоматик тарзда ёпиқ ҳолатга келади.
Шу билан бирга, қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларидан ўтишда ҳам алоҳида эҳтиёткорлик талаб этилади. Кесишмада огоҳлантирувчи қўнғироқ ва светофорнинг милтировчи қизил чироғи поезд яқинлашаётганлигини, кесишмага яқинлашаётган ҳайдовчилар ҳаракатни тўхтатишлари лозимлигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари асосида темир йўлларда фуқароларнинг бепарволик оқибатида содир этган қилмишлари ва темир йўл транспорт тизимининг бенуқсон ҳаракатланишига келтирган зиёнлари учун жарималар белгиланган. Яъни темир йўлни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш, чорва молларини ҳайдаб ўтказиш, чорва молларини темир йўл атрофида боқиш каби ҳатти-ҳаракатлар, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кесишмадан ўтиш қоидаларини бузиши жавобгарликка сабаб бўлади. Ачинарлиси, қоидабузарлар моддий жавобгар бўлишдан ташқари, ўзлари ва ўзгалар ҳаётига ҳам хавф солишади, турли кўнгилсизликларга сабаб бўлишади.
Темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Ҳар биримиз қоидаларга амал қилган ҳолда, бошқаларни ҳам бунга эргаштиришимиз лозим. Бу орқали инсон учун энг қадрли бўлган соғлик ва ҳаётимизни турли талофотлардан, кўнгилсизликлардан сақлаб қолишимиз мумкин. Мутасадди ташкилотлар вакиллари эса маҳаллаларда, таълим муассасаларида темир йўлдан ўтиш, поездлар ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизиги қоидаларига амал қилиш юзасидан тарғибот ишларини янада кучайтиришлари мақсадга мувофиқ.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати