Миллий тилимиз - олий қадрият!
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 31 йил тўлиши муносабати билан жойларда турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида мазкур сана муносабати билан давра суҳбати ўтказилди. Унда Тошкент Давлат Транспорт университети катта ўқитувчиси Шерматилла Юсупов, инспекция марказий аппарати ва Тошкент филиал ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб она тилимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, тилимизнинг нуфузи ва мавқеи борасида сўз юритилди. Шунингдек, ўзбек тилшунослиги олдида турган долзарб масалалар, адабий тилни асраш ва ривожлантириш йўлида давлат ва ҳукумат даражасида қаратилаётган эътибор тилга олинди.
Таъкидланганидек, дунёда 7000 га яқин тил ва лаҳжалар бор бўлиб, ўзбек тили уларнинг орасида ўзига хос ўрин, тарих ва келажакка эга. Тилимизнинг расман байрам қилиб нишонланадиган куни ҳам мавжуд, эндиликда. 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди. Унга мувофиқ 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди ва кенг нишонланмоқда. Буларнинг барчаси тилимизга бўлган эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.
Тил –ижтимоий ҳодиса, - дейди Ш.Юсупов. Уни бир шахс ёки гуруҳ, уюшма, ташкилот, соҳа вакиллари эмас бутун жамоатчилик, халқ оммаси ижтимоий эҳтиёжлари ўлароқ шакллантирилган имконияти сифатида юзага келади. Миллий тилимизни ривожлантириш, унинг нуфузини янада ошириш борасида қиладиган ишимиз кўп. Энг аввало, муносабатимизни тубдан ўзгартириб, умумжамият, кенг омманинг юксак ватанпарварлик ҳамда фуқаролик бурчи ҳисобланган муқаддас туйғуларни ҳар биримизда зийнатлашимиз лозим. Бунда соҳадан қатъий назар ҳар бир ўзбекистонлик масалага фуқаролик масъулияти, демократик онг нуқтаи назаридан ёндашса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Тадбир давомида инспекция ходимлари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олишди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати