“Ҳовос” вагон депосидаги семинар қандай ўтди?
Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланиши устидан назоратни амалга оширувчи “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимларининг асосий фаолиятларидан бири профилактик тадбирлар ҳисобланади. Мазкур тадбирларда ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳолатлар олдиндан баратарф этиш чоралари кўрилади, шунингдек, темир йўл транспорти ходимлари билим ва малакаларини мустаҳкамлаб олиш имконига эга бўлишади.
“Ўзвагонтаъмир” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Ховос” юк вагонларини таъмирлаш депосида инспекциянинг темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш бўлими бошлиғи Алишер Нархаджаев бошчилигида семинар машғулоти ўтказилди. Унда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар сабаблари ўрганилди, атрофлича таҳлил қилинди ҳамда мазкур ҳолатга йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди.
Таъмирдан чиққан вагонлар ўрнатилган тартибда техник кўрикдан ўтказилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун аниқ кўрсатмалар берилди. Корхонадаги ҳар бир цех фаолияти бўйича норматив ҳужжатлар бажарилиши тартиби тушунтирилди.
Бугунги семинар барчамиз учун ниҳоятда муҳим ва фойдали бўлди, - дейди “Ховос” юк вагонларини таъмирлаш депоси бошлиғи Мирқобил Мирсагатов. Ходимларга норматив ҳужжатлар талаблари, мазмун-моҳияти, уларни амалиётда қўллаш бўйича тушунтиришлар берилди. Инспекторларнинг тавсияларига амал қилиш орқали, иш фаолиятимиздаги камчиликларни бартараф этамиз.
Шунингдек, инспекторлар томонидан вагон хўжалиги, йўл хўжалиги ва ташишларни ташкил этиш хўжалигига масъул ходимларга йўл қўйилган камчиликлар жойида кўрсатиб ўтилди ва келажакда бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун қоидаларга риоя этиш лозимлиги тавсия этилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати