Инспекцияда йил якунлари таҳлил қилинди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида йил якунларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда бўлиб ўтган тадбирда инспекция марказий аппарати бўлимлари ва филиал бошлиқлари ҳисоботи эшитилди.
2020 йилнинг 12 ойи давомида жами 89 та корхона ва ташкилотларда текширувлар ўтказилган. Унда темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар, поездлар ҳаракати хавфсизлигини тартибга солувчи норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги, ходимларнинг сифат таркиби масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Текширишлар натижасида жами 7878 та камчиликлар аниқланган.
Инспекторлар текширишлар билан биргаликда профилактик тадбирларга ҳам алоҳида урғу беришди. Мазкур тадбирлар эҳтимолий хавфни эрта аниқлаб, олдини олиниши билан ҳам аҳамиятлидир. Ҳисобот даврида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, вазирлик ва идораларнинг темир йўлларида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 3910 та профилактика тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда фаолияти темир йўлларда ташиш жараёни билан боғлиқ бўлган 20720 нафар ходим иштирок этди.
Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 2470 нафар ходим иштирокидаги 784 та семинар-йиғилиш ва профилактика тадбирлари амалга оширилган.
Ҳайдовчиларнинг темир йўл кесишмасида қоидаларга амал қилмаслиги ва шошмашошарликка йўл қўйиши натижасида поездлар ва автомобилларнинг тўқнашуви содир бўлиб, аксарият ҳолатда фожиали якунланмоқда. 2020 йил давомида темир йўл кесишмаларида ҳаракатдаги таркибнинг автомашина билан тўқнашувлари бўйича 44 та ҳолат содир бўлган. Мазкур вазиятларни олдини олиш, ҳайдовчи ва темир йўл атрофида яшовчи аҳолини қоидаларга амал қилишга ундаш мақсадида инспекция расмий сайти ва оммавий ахборот воситаларида 120 дан ортиқ мақолалар эълон қилинган.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш, шунингдек “Комплеанс назорат” тизимини жорий этиш мақсадида норматив ҳужжатлар ўрнатилган тартибда қабул қилиниб, ижроси назоратга олинди.
Йиғилиш давомида ҳар бир хўжалик бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди ва йўл қўйилган камчиликлар бартараф этиши юзасидан керакли кўрсатмалар берилди. Ҳар бир ходим зиммасидаги вазифаларни сифатли ва белгиланган муддатда амалга ошириши ва бу орқали самарадорликни ошириши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати