Инспекцияси бошлиғи ҳудудлардаги транспорт ва йўл объектларини кўздан кечирди

Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Ж.Каримов хизмат сафари билан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида бўлиб, транспорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб чиқди. Қарши шаҳрида йўл соҳадаги қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилинаётган объектлар кўздан кечирилди. Ташаббусли буджет бўйича 2024 йил 1 мавсумида қурилган объектлар билан ҳам танишиб, такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди.

Фуқаролардан тушган мурожаатлар юзасидан Қарши-Хонобод қишлоғи йўналишли такси ҳайдовчилари билан суҳбатлашиб, амалдаги қонунчилик доирасида тушунтириш берилди. Шунингдек, Қарши-Ғузор йўналишида оғир вазнли юк транспорт воситаларини тарози назоратидан ўтказаётган масъул ходимлар билан учрашиб, назорат тадбирларини кучайтириш юзасидан кўрсатма берилди.

Сурхондарё вилоятида ҳам йўл объектлари, лойиҳа ҳужжатлари ўрганилиб, такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилди. Темир йўл транспортида ташишилар хавфсизлигини таъминлашда олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, май ойида берилган кўрсатма таклифлар юзасидан мутасаддилар иштирокида муҳокама қилинди. Жумладан, Термиз-Сариосиё йўналишидаги М-41 автомобиль йўли бўйлаб жойлашган қўриқланмайдиган темир йўл кесишмаларини қўриқланадиган темир йўл кесишмаларига ўтказилиши бўйича олиб борилаётган ишларнинг бажарилиши кўздан кечирилди.

Термиз локомотив депосида инфратузилма филиали, корхоналар раҳбарлари, локомотив машинистлари ва уларнинг ёрдамчилари иштирокида поэздлар ҳаракати ва манёвр ишларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида хавфсизлигининг бузилиш ҳодисалари таҳлил қилинди ҳамда келгусида ушбу ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича ўқув семинари ўтказилди.

 

Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати