Идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди
“Тошкент-Самарқанд-Қарши” йўналишидаги юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, назорат қилиш бўйича Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Ж.Каримов раислик қилган ушбу йиғилишда, Транспорт прокуратураси, Транспорт ИИБ, “Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги” “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирлиги”, Ободонлаштириш бошқармаси, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг тегишли бошқармалари, “Темирйўлинфратузилма” АЖ раҳбарияти ҳамда “Тошкент минтақавий темир йўл узели” филиали раҳбарияти ҳамда тегишли бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Йиғилишнинг дастлабки қисми, Тошкент жанубий темир йўл вокзалининг мажлислар залида бошланди. Инспекция бошлиғи ўринбосари А.Абдурахманов Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири томонидан тасдиқланган юқори тезликдаги темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасининг ижросини муҳокама қилди.
Шундан сўнг, Тошкент жанубий темир йўл вокзалидан ҳаракатини бошлаган 126-диагностика лабораторияси орқали “Тошкент-Самарқанд-Қарши” йўналишидаги юқори тезликдаги поездлар ҳаракатланадиган темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавжуд камчиликлар кўздан кечирилди.
Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш борасида мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан идоралараро комиссия аъзолари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тавсиялар берилди.
Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати