Фарғона филиалида 531 маротаба профилактик ишлар амалга оширилди
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Фарғона филиали томонидан ортда қолган 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги ПФ-5490 - сонли “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармоннинг 2- иловаси 23-бандига мувофиқ ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширувларни амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тассарруфидаги “Қўқон” минтақавий темир йўл узели унитар корхонасига қарашли корхона ва ташкилотларда профилактик ишлар ва семинар йиғилишлари олиб борилди. Станция, корхона ва ташкилот муассасаларда олиб борилган 531 та профилактик тадбирларида 2487 нафар ишчи ходимлар иштирок этди. Мазкур тадбирлар давомида аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда тўла-тўкис бартараф этилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳри билан Фарғона водийси вилоятларини, шаҳарларини, туманларни бир-бирига боғловчи янги замонавий электрлаштирилган “Ангрен-Поп” темир йўли ишга туширилди. Ҳар куни икки маротаба Андижон - Тошкент йўналиши бўйича, сешанба-жума кунлари Андижон-Бухоро, жума-якшанба кунлари Андижон-Москва, пайшанба кунлари Андижон-Ургенч йўналиши бўйича йўловчи поездлари қатнови ҳамда халқ хўжалиги юкларини ташиш учун юк поездлари йўлга қўйилган ва катта тезликда узлуксиз ҳаракат қилмоқда.
Ҳозирги кунда Поп-Наманган-Андижон йўналиши бўйича янги темир йўлини тубдан таъмирлаш ва электрлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Наманган темир йўл вокзали янгидан замонавий кўринишда қурилмоқда. Ушбу йўловчи ва юк ташиш поездлари айрим жойларда автотранспортлар юрадиган маҳаллий ва магистраль йўллари билан кесишади. Темир йўллардаги ўта хавфли ҳудудлардан бири бу темир йўл ва автомобил йўллари кесишган жойлар - кесишмалар ҳисобланади. Фарғона водийсида, “Қўқон” минтақавий темир йўл узели ҳудудида 146 та темир йўл кесишмаси мавжуд бўлиб, ундан 58 таси қўриқланадиган, 88 таси қўриқланмайдиган тоифага киради. Ташкилотлар, автотранспорт ҳайдовчилари, фуқаролар шахсий автотранспорти билан темир йўл кесишмаларидан бамайлихотир ва эътиборсизлик билан ўтиши оқибатида Фарғона водийси темир йўл кесишмаларида ўтган йили 8 та кўнгилсиз воқеалар- тўқнашувлар содир бўлди. Бу ҳодисалар асосан баъзи бир ҳайдовчилар томонидан амалдаги қонун - қоидаларга риоя қилмаслиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Ҳайдовчилар темир йўл кесишмаларида қоидаларга амал қилмаслиги, кичик этиборсизлик ёки шошма – шошарлиги натижасида аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини асло унутмасликлари лозим.
М.Юсупов
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Фарғона филиали бошлиғи