Ёшлар билан очиқ мулоқот

 

         “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Фирдавс Хайриддинов ва Транспорт университитетининг темир йўл йўналишида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар билан учрашув ташкил этилди. Унда дастлаб иштирокчиларга инспекциянинг асосий функционал вазифалари, тузилмаси, назорат остидаги объектлар слайдлар ёрдамида тушунтириб ўтилди. Назорат тадбирлари ва профилактик тадбирларнинг ўтказилиши тартиби, инспекторларга қўйиладиган талаблар ва уларнинг масъулияти тўғрисида ҳам сўз юритилди.

         Мамлакатимизда бугунги кунда ёшларга берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, уларга яратиб берилаётган шароитларга келажагимиз эгалари муносиб жавоб беришлари талаб этилиши, бунда энг аввало пухта билим олишлари лозимлиги таъкидланди. Талабалар ўзларнинг бўш вақтларини беҳуда ўтказишдан тийилиб, кутубхоналарни асосий масканга айлантирган ҳолда, асосий йўналишлари билан бир қаторда хорижий тилларни пухта ўзлаштиришлари тавсия этилди.

         Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларига жавоб олишди. Жумладан, келажакда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходими бўлиш истагидагиларга нималарга эътибор беришлари ва амалдаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти батафсил тушунтириб ўтилди. Бу каби учрашувлар доимий ташкил этилиши келишиб олинди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати