Давлат идораларида ахборот хавфсизлигини таъминлашда нималарга эътибор қаратиш лозим?

          Ахборотлашган замонда ахборот комуникация технологияларига эҳтиёж ҳар қачонгиданда зиёд бўлиши айни ҳақиқат. Ҳар биримиз кундалик ҳаётда мунтазам равишда АКТга мурожаат қиламиз. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар аллақачон ёшу қарини бирдек ўзига жалб қилиб улгурди. Бундай тезкор ахборот алмашинуви даврида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, турли ҳодисаларни олдини олиш долзарб аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида “Ахборот хавфсизлигини таъминлашдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусидаги ўқув семинари айнан мазкур ҳолатларга қаратилди. Тадбирда “Техник кўмаклашиш маркази” унитар корхонаси мутахасислари, инспекция марказий аппарати ва Тошкент филиали ходимлари иштирок этишди.

           Интернет тармоғининг миллий сегменти доимий равишда турли хил антивирус лабораториялар тарафидан мониторинг қилиниб борилади ва йил охирида таҳлил қилинади. Олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижасида сўнгги пайтларда аҳвол ижобий томонга ўзгараётганлигини кўрсатаётган бўлсада, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ахборот хавфсизлигини тўла таъминлашда айрим муаммолар кўзга ташланиб турибди.

         Жумладан, ташкилотларда ахборот хавфсизлиги бўйича ички идоравий ҳужжатлар талаб даражасида эмаслиги, доимий мониторингнинг йўқлиги, сервер хоналарининг жиҳозланиши стандартга тўла жавоб бермаслиги ва ҳоказо. Қолаверса, ахборот хавфсизлигига масъул ходимларнинг қўнимсизлиги ҳам муаммоларни келтириб чиқармоқда.  Тадбирда ана шу ва бошқа муаммолар ва уларнинг ечимлари, олдинда турган вазифалар тўғрисида ахборот берилди. 

- Глобаллашув асрида яшар эканмиз ахборот хавфсизлигини таъминлашда ҳар доим сергак ва эътиборли бўлишимиз лозим, - дейди “Техник кўмаклашиш маркази” унитар корхонаси мутахассиси Улуғбек Маликов. Ахборот хавфсизлигига таҳдидлар тўғрисида маълумотларни йиғиш, тўплаш, таҳлил қилиш ва интернетнинг миллий сегменти фойдаланувчиларини кутилаётган таҳдидлар борасида ўз вақтида хабардор қилиш Марказимизнинг асосий вазифаларидан саналади. Биз мамлакатимизда рўйхатдан ўтган барча веб-сайтлар, электрон почталар ва бошқа интернет ресурсларини (tas-ix) мониторинг қила оламиз ва шу боис ташкилотлар ходимларини маҳаллий интернет ресурслар хизматидан фойдаланишга чорлаб қоламиз. Хорижий веб-сайтлар ва бошқа интернет манбаларидан фойдаланганда сиз узатаётган ахборотларни хавфсизлигини таъминлаш эҳтимоли камаяди. Бу эса ахборотни ғаразли мақсадларда фойдаланмоқчи бўлганларга қўл келиши мумкин.

           Таъкидланганидек, ахборот хавфсизлиги сиёсати ва ахборот хавфсизлиги бўйича тегишли йўриқнома, тартиб, кўрсатмаларга барча ходимларнинг риоя этишини доимий назорат қилиш,  маъсул ходим томонидан ички аудитдан ўтказиш ҳам самарали усуллардан ҳисобланади. Масъул мутахассислар мунтазам равишда ахборот хавфсизлиги бўйича махсус курсларда малакасини ошириб бориши талаб этилади.

- Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуни-кациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси билан келишилган “Ўзтемирйўлназорат” инспекциянинг йиллик чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, режага киритилган ишларни ўз вақтида бажариб боряпмиз, - дейди “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот коммуникацияларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шерзод Набиев. Жумладан, ўтган давр давомида инспекциянинг барча иш ўринларида антивирус дастурлари ўрнатилди ва ахборот xавфсизлиги бўйича доимий мониторинг олиб бориш йўлга қўйилди. Ҳар 6 ойда инспекция расмий веб-сайтини “Техник кўмаклашиш маркази” билан биргаликда ахборот хавфсизлиги бўйича экспертизадан ўтказамиз. Ходимларни малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ўтган давр давомида 4 маротаба ахборот хавфсизлиги таъминлаш бўйича, ўқув курслар, тренинг ва семинарлар ўтказдик.

        Ўқув семинарида инспекция ходимлари ахборот хавфсизлиги борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олиш баробарида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

 

Фирдавс Хайриддинов –
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
бошлиғининг матбуот котиби –
ахборот сиёсати масалалари
  бўйича маслаҳатчиси