Кесишмаларда эҳтиёт бўлинг!

 

Темир йўл билан автомобиль йўлининг кесишган жойлари, яъни темир йўл кесишмалари доимо хавфли ҳудуд хисобланади. Шуни доимо эсда тутиш керакки темир йўл кесишмаларида темир йўл транспорти бошқа транспорт воситаларига қараганда устунликка эгадир ва ҳайдовчилардан алоҳида эътиборни талаб қилади. Агарда зарурият юзасидан шошилинч тормоз бериб, поездни тўхтатишга ҳаракат қилинганда ҳам тўхташ масофаси энг камида 500-800 метрни ташкил қилади.

Лекин амалда шундай бўляптими? Қоидабузар ҳайдовчилар йўл кесишмаларидаги яқинлашиб келаётган поезд ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини кўриб турса ҳам йўлни кесиб ўтмоқчи бўлишади. Оқибатда нохуш ҳодиса - автомобиллар билан поездларнинг тўқнашуви юз беради. Уларнинг аксарияти мудҳиш оқибатларга олиб келади. Бу тўқнашувлар оқибатида энг ачинарлиси, ҳар икки транспортга моддий зарар етади, инсонлар ҳаётдан эрта кўз юмади, қоидабузар ҳайдовчилар ўзларинигина эмас, балки ўзгаларнинг ҳаётига ҳам зомин бўладилар, кўплари оғир тан жароҳати олиб  бир умрга ногирон бўлиб қоладилар.

 «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси Оролбўйи филиали ва “Қўнғирот” минтақавий темир йўл узели корхоналари томонидан бундай хунук  ҳодисаларнинг олдини олиш борасида қатор тадбирлар, тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Шунга қарамасдан ҳайдовчилар томонидан темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузганлиги натижасида 2019 йил давомида 10 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлса, жорий йилнинг ортда қолган 5 ойи давомида 3 та ҳолатда поездлар автомашиналар билан тўқнашиш ҳолати кузатилди.

Тўқнашувга асосан автотранспорт ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидалари талабларини қўпол равишда бузиб, кесишманинг ҳаракатни таъқиқловчи қизил чироғига риоя қилмай ўзбошимчалик билан тўхтамасдан ўтиб кетмоқчи бўлганлиги сабаб бўлган.

Юқорида келтирилган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун барчамиз, бирдек масъулмиз. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар  мунтазам равишда темир йўл атрофида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида,  маҳаллалар ва мактабларда суҳбатлар ўтказиши, кичик эътиборсизликнинг аянчли оқибатларини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришлари лозим.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати