Ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда барчамиз масъулмиз
Темир йўл транспорти мамлакатимизнинг муҳим тармоқларидан саналади. Ҳамюртларимиз ва хорижлик меҳмонларнинг узоғини яқин қилиш билан биргаликда, инвестициявий жозибадорликни оширишда ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бунда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, юк ва йўловчиларни манзилларига хавф хатарсиз етказиш муҳим. “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Қашқадарё филиали ходимлари темир йўл транспорти ҳаракати хавфсизлигини қолган филиаллар қатори доимий назорат қилиб келишмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2019 йил давомида филиал ходимлари томонидан 3700 нафардан зиёд фуқаролар иштирокида 735 маротаба профилактик тадбирлар ўтказилган.
Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш ва эҳтимолий хавфларни олдини олиш мақсадидаги профилактик тадбирлар жорий йил январ ойида ҳам муваффақиятли давом эттирилмоқда. Филиал инспекторлари томонидан Қашқадарё темир йўл таъмирлаш корхонасига қарашли 11 та қўриқланмайдиган ва 11 та қўриқланадиган темир йўл кесишмаларига яқин ҳудуддаги таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Унда Қарши-Самарқанд йўналишида чорва моллари қаровсиз ҳолда қолдирилиши, ёш болалар томонидан поездлар ғилдираги остига турли буюмлар қўйилиши, вагонларга тош улоқтириш ҳолларига йўл қўймаслик ҳақида тушунтириш ишлари ўтказилди.
Афсуски, темир йўл соҳаси ривожига катта эътибор берилаётган бир пайтда кесишмалар яқинига чиқиндиларни ташлаб кетиш, темир йўл излари устига тош кўйиш ва вагонларга тош улоқтириш каби салбий ҳолатлар ҳамон учраб турибди. Темир йўл атрофида содир этиладиган ҳар қандай қоидабузарлик кун келиб аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳам асло эсдан чиқармаслик керак.
О.Қурбоназаров
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Қашқадарё филиали бошлиғи