Аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда

 

         “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Тошкент филиали ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган қўшма баённома талабларига амал қилган ҳолда ўтган 2020 йил 9 ойи мобайнида “Тошкент” минтақавий темир йўл узели тасарруфидаги станция, корхона ва ташкилот муассасаларида 324 маротаба олиб борилган профилактик ишларда 2061 нафар ишчи ходимлар иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида аниқланган қатор камчиликлар мутасадди ходимлар томонидан кўрсатилган муддатда бартараф этилди.

         Биргина вагон хўжалиги бош инспектори томонидан 1-юк вагон депоси ва вагонларга техник хизмат кўрсатиш шахобчаларида олиб борилган профилактик ишларида 600 нафардан зиёд ишчи ходимлар иштирок этди. Профилактик ишлар давомида 5 та йўловчи, 189 та юк вагонларига техник хизмат кўрсатиш шахобчаларида вагонларга ўз вақтида техник жараён бўйича ишлар олиб борилмагани аниқланди. Шу боис 1 та юк вагони қайта таъмирлашга юборилди ва қолган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.  Юқорида аниқланган камчиликлар 1-юк вагон депоси ишчи-ходимлари томонидан тўла-тўкис бажарилди ва 1-юк вагон депоси бошлиғининг таъмирлаш ва эксплуатация ишлари бўйича ўринбосарларига “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда йўл қўйилган ишдаги нуқсон ҳолатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. 

         Локомотив хўжалиги бош инспектори томонидан “Тошкент МТУ” УК корхонасига қарашли бекатларда 45 маротаба профилактик ишлар олиб борилди ва унда 172 нафар ишчи ходимлар иштирок этди. Ушбу профилактик ишлар давомида аниқланган 218 та камчиликлар “Ўзбекистон” локомотив депоси ишчи ходимлари томонидан тўла-тўкис бажарилди. Аниқланган камчиликларга келгусида йўл қўймаслик бўйича керакли тавсиялар берилди.

Шу билан биргаликда филиал ходимлари томонидан йўл кесишмаларидан ўтиш қоидалари, темир йўлларни кесиб ўтиш қоидалари, темир йўл инфратузилмасига зарар етказмаслик, поездларга тош отиш ҳолатларининг салбий оқибатлари мавзусида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ходимлари билан биргаликда мунтазам равишда автохўжаликларда, саноат корхоналарида, хусусий автомобиль эгалари орасида ҳамда темирйўл яқинида яшовчи автомобиль транспорт бор аҳоли ўртасида, мактаб ва маҳаллаларда, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.   

  Ўзтемирйўлназорат”  инспекцияси
Ахборот хизмати