ЙЎЛОВЧИ ТАШУВЛАРИ СОҲАСИ ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ДОИМИЙ НАЗОРАТДА
Йўловчиларга хавфсиз ва сифатли транспорт хизматлари кўрсатишни ташкил этиш, йўловчи ташувларини лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар асосида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан ҳудудларда мунтазам равишда назорат-рейд тадбирлари олиб борилади.
Йўловчи ташишга қўйилган талаблар ижроси ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолига йўналишли такси хизматларини кўрсатаётган корхоналар томонидан тендер талаб шартларининг бажарилиш ҳолатининг доимий назоратини таъминлаш орқали соҳада қонуний фаолият олиб бораётган тадбиркорлар манфаати ҳимоя қилиб келинмоқда.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ҳамда YouTube даги турли каналларда «Фарғона–Марғилон» йўналишли такси йўналишида тендер ғолиби бўлган “Шодлик Қиргули Авто” масъулияти чекланган жамиятининг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётганлиги тўғрисидаги асоссиз маълумотлар тарқатилмоқда.
Мазкур масала юзасидан Транспорт назорати инспекцияси қуйидагиларни маълум қилади.
Йўловчи ташишга қўйилган талаблар ижроси ҳамда соҳада қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида вазирлик ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль ва сув транспортида назорат Фарғона вилояти ҳудудий бўлими томонидан 2024 йил давомида Фарғона вилояти Фарғона ҳамда Марғилон шаҳридаги йўловчи ташувчи йўналишларда ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда жами 187 марта қўшма-рейд тадбирлари олиб борилган.
Рейд тадбирлари жараёнида лицензия варақасиз аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиб келаётган автотранспорт воситалари ҳамда лицензия талаб шартларини бузаётган ҳайдовчиларга асосий эътибор қаратилиб, 7522 дан ортиқ автотранспорт воситалари тўхтатилиб, тегишли ҳужжатлари ўрганилганда 3775 та ҳолатда ноқонуний равишда фаолият олиб борилаётганлиги аниқланган.
Мазкур автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1763-моддаси асосида 3724 та, МЖтКнинг 1351-моддаси асосида 29 та ҳамда МЖтКнинг 165-моддаси бўйича 22 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун суд органларига юборилган.
Қолаверса, “Фарғона – Марғилон” йўналишли такси йўналишида тендер ҳужжатларсиз фаолият олиб бораётган автотранспорт воситаларига нисбатан таъсир чоралари кўрилишни таъминлаш бўйича “Шодлик Қиргули Авто” МЧЖнинг 2024 йилда Транспорт вазирлигига 4 та ҳамда Транспорт назорати инспекциясига жами 38 та мурожаат келиб тушган. Йўлланган мурожаатларининг 20 таси «Фарғона-Марғилон» йўналишли такси йўналишида рейд тадбирларини олиб боришлари юзасидан бўлган.
Ҳолат бўйича мурожаатда кўрсатилган айнан «Фарғона–Марғилон» йўналишида Транспорт назорат инспекциясининг автомобиль ва сув транспортида назорат Фарғона вилояти ҳудудий бўлими ҳамда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 30 дан зиёд рейд тадбирлари ўтказилган.
Ушбу рейд тадбирлари жараёнида лицензия варақасиз аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиб келаётган автотранспорт воситалари ҳамда лицензия талаб шартларини бузаётган ҳайдовчиларга асосий эътибор қаратилиб, 505 дан ортиқ автотранспорт воситалари тўхтатилиб, тегишли ҳужжатлари текшириб кўрилганда 160 та ҳолатда ноқонуний равишда фаолият олиб борилаётганлиги аниқланган.
Мазкур автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 1763-моддаси асосида 132 та, МЖтКнинг 1351-моддаси асосида 29 та ҳамда МЖтКнинг 165-моддаси бўйича 5 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун суд органларига юборилди.
Шунингдек, жамият томонидан 2024 йил 8 ва 19 августда «Фарғона–Марғилон» йўналишли такси йўналишида тендер ҳужжатларсиз фаолият олиб бораётган МЧЖларга нисбатан текширув ўтказиб беришни сўраб мурожаат йўллаган. Мурожаатга асосан Транспорт назорати инспекцияси Автомобиль ва сув транспортида назорат Фарғона вилояти ҳудудий бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга 4 маротаба мурожаатда кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш юзасидан буюртма киритилган бўлиб, фақат битта ҳолатда текшириш ўтказишга рухсат берилган.
Автомобиль ва сув транспортида назорат Фарғона вилояти ҳудудий бўлими томонидан 2024 йил 27 августдаги тегишли буйруққа асосан “АВТОРИТEТ СИТЙ РОАД АСР” МЧЖда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишнинг амалдаги қонунчиликка риоя қилиниши бўйича текшириш ўтказилган. Ўтказилган текширувга асосан тадбиркорлик субъектига нисбатан ЎРҚ-701-сонли Қонунининг 4-иловасининг 2-қисми 6-бандида белгиланган қонун бузилишини содир этган ҳуқуқбузарлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (юз) баравари миқдорида жарима чораси қўлланилган.
Шу ўринда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларидан бирор бир масалани ёритишда холисликка алоҳида эътибор қаратишлари зарурлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Зеро, туҳмат, ҳақорат давлат ташкилотларини обрўсизлантириш, асосланмаган маълумотларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.