Идоралараро комиссиянинг сайёр йиғилиши ўтказилди

Тадбирда Транспорт назорат инспекцияси бошқарма бошлиғи ўринбосари A.Abduraxmanov Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати, олдинги йиғилишларда қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича сўз юритди. Шунингдек, йиғилишда Транспорт вазири томонидан тасдиқланган “Юқори тезликдаги поэздлар ҳаракатланадиган темир йўл участкаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, шаҳарсозлик талабларига мувофиқлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси”да белгиланган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, Тошкент марказий темир йўл вокзалидан ҳаракатини бошлаган 126-диагностика лабораторияси орқали «Тошкент-Самарқанд-Бухоро» йўналишидаги юқори тезликдаги поэздлар ҳаракатланадиган темир йўл участкаларида аниқланган камчиликлар қайд этиб борилди ҳамда бартараф этиш чоралари белгиланди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси ўринбосари, Идоралараро комиссияси раиси ўринбосари A.Kamildjanov бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан сафар давомида автомобиль йўллари билан кесишмаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар, темирйўл ён атрофи кўздан кечирилди.

Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни бажариш мақсадида юқори тезликдаги темир йўл участкаларида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди ҳамда аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш борасида мутасадди раҳбарларга топшириқлар берилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан идоралараро комиссия аъзолари, хўжалик юритувчи субъектлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тавсиялар берилди.

Транспорт назорати инспекцияси
Ахборот хизмати