Маҳаллаларда хавфсизликка бағишланган тадбирлар давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2019-йил 20-апрелдаги 342-сон қарори талабларига мувофиқ “Ўзтемирйўлназорат” инспексияси Тошкент ҳудудий шўбаси бош инспекторлари томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида (13 маротаба) маҳалла фуқаролар йиғини раислари билан ҳамкорликда, маҳалла фуқаролари ўртасида тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Хусусан, 2022-йил давомида темир йўл билан боғлиқ бўлган бир қатор бахтсиз ҳодисалар кузатилган. Бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш мақсадида, темир йўл муҳофаза зонасида ҳаракатланиш хавфсизлигига бағишланган тадбирларни сифат жиҳатдан самарадорлигини ошириш ишлари мунтазам давом этмоқда.
Тошкент шаҳри, Тошкент ва Жиззах вилоятларининг 13 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган тарғибот тадбирларида темир йўлга яқин яшовчи фуқаролар билан темир йўл изларини белгиланмаган жойидан кесиб ўтмаслик, темир йўлда ҳаракатланишга тўсқинлик қилмаслик, шу жумладан фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл изларининг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтиш оқибатида бўлаётган нохуш ҳодисаларни юзага келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳодисаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек йиғилиш қатнашчиларига маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўловчи ва юк поездлари йўлларига бегона жисм қўймаслик, вагон ойналарига тош отмаслик, ёш болаларни темир йўл яқинида қаровсиз қолдирмаслик, темир йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтмаслик, пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган жойлардан ўтишлари, йўловчи ва юк поездларининг ҳаракатланиши учун ўрнатилган электр тармоқларида 27500 волт кучланишдаги электр токи борлиги, бу эса инсон ҳаёти учун ўта хавфли эканлиги тушунтирилди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспексияси
Тошкент ҳудудий шўбаси