Инспекцияси томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан 2022 йил давомида 218 та текширув ўтказиш белгиланган бўлиб, амалда 220 та текширувлар амалга оширилган.
Текширувлар жараёнида 19635 та темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган бўлиб, шундан, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи камчиликлар 8173 тани ташкил этади.
Хусусан, якунланган йил давомида носозлиги ёки фойдаланиш муддати ўтганлиги (маънан ва жисмонан эскирганлиги) сабабли 1509 та темир йўллар, 281 та локомотив, 1589 та юк ва йўловчи вагонлар фойдаланишдан тўхтатилган.
Текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи, бажарилиши мажбурий бўлган 220 та кўрсатмалар берилган.
2022 йилда Инспекция томонидан берилган кўрсатмалардаги жами 8173 та камчиликдан 7520 та камчиликлар бартараф этилиши таъминланган.
Бугунги кунда 653 та қоидабузилишларнинг бартараф этилиши Инспекция томонидан назоратга олинган.
Бартараф этилмаган камчиликлар юзасидан инспекция томонидан ҳуқуқий таъсир чораси қўллаш тўғрисида иқтисодий судга 7 та даво аризаси киритилган.
Инспекция томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан идоравий тегишли корхона ва ташкилотларнинг шохобча темир йўлларида (“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятидан ташқари) қуйидаги ўзгариш ва ижобий натижаларга эришилган:
71,027 км темир йўл капитал таъмирланган;
57 комплект стрелкали ўтказгичлар алмаштирилган;
1269 дона вагон капитал таъмирланган;
8 дона янги вагон харид қилинган;
50 дона локомотив капитал таъмирланган;
16598 дона шпал ва бруслар ҳамда 5,3 км рельс алмаштирилган.
Инспекция томонидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида темир йўл транспортида “инсон омили”нинг салбий таъсирини камайишига эришилмоқда.
2022 йилда темир йўлда ташишлар хавфсизлиги бузилишлари ҳолатларининг 28 фоизи (18 та ҳолат) “инсон омили”нинг салбий таъсири билан боғлиқ бўлиб, мазкур кўрсаткич 2020 йилда 47 фоизни (18 та ҳолат), 2021 йил 34 фоизни (23 та ҳолат) ташкил этган.
Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги бузилишларини таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олишда қонун ҳужжатларига риоя қилиниши мунтазам ўрганиб борилди ва 9 та ҳолатда “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом” талабларининг бузилиши (ҳисобга олмаслик)га йўл қўйилганлиги аниқланиб, тегишли материаллар Транспорт прокуратурасига тақдим этилди.
Натижада 5 та ҳолатнинг тўлиқ ҳисобга олиниши ҳамда Низом талабларини бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши таъминланди, 4 та ҳолат Транспорт прокуратураси томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ҳисобот даврида инспекция томонидан темир йўл транспорти хавфсизлигини таъминлаш ва техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган жами 1800 та профилактик тадбирлар ўтказиш белгиланган бўлиб, Амалда 2467 та профилактика тадбирлари ўтказилган.
Профилактика тадбирларида жами 19250 нафар темир йўл ташувлари билан бевосита боғлиқ ишчи ходимлар иштирок этган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Инспекциянинг марказий аппарати ва ҳудудий филиаллари томонидан темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлаш ва темир йўл кесишмаларида поездлар ҳаракат хавфсизлиги бузишларининг олдини олиш мавзусида ўтган йил давомида оммавий ахборот воситаларида жами 155 та чиқишлар ташкил этилди, 8 маротаба ОАВ ходимлари учун брифинглар ўтказилди.
Инспекция томонидан 2022 йилда жами 9 та темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган бўлиб, амалда 11 та ҳужжат ишлаб чиқилган.
Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари бўйича “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлиги 2022 йил 103,2%ни ташкил қилди ва бу натижа “намунали даражада” деб эътироф этилади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати