Кураш бўйича “Ўзбек полвони” мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида курашни янада оммалаштириш, давлат органлари ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида “Ўзбек полвони” мусобақаси ташкил этиб келинмоқда.
Галдаги беллашувларда 25 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотлардан 100 нафарга яқин полвонлар қатнашишди. Эркаклар 73 кг, 81 кг, 90 кг, 100 кг, +100 кг вазн тоифасида, аёллар эса 57 кг, 63 кг, 78 кг вазн тоифаларида кураш олиб боришди.
Мазкур нуфузли мусобақада, Транспорт вазирлиги жамоаси муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясидан Шерзод Набиев, Тошкент транспорт университетидан Зохид Тошбоев, Ербол Рустамов, Жамол Искандаровлар вазирлик жамоаси шарафини муносиб ҳимоя қилишди.
Ҳар бир мусобақада бўлгани каби “Ўзбек полвони” гиламларида ҳам энг муросасиз баҳслар мутлақ вазн тоифасида бўлиб ўтди. Ушбу вазн тоифасида ўз вақтида жаҳон ва Осиё чемпионатида ғолиб ва совриндори бўлган Зафар Бўриевнинг қатнашгани беллашувларга бўлган қизиқишни янада ошишига хизмат қилди. Транспорт вазирлиги жамоаси аъзоси Зохид Тошбоев мусобақага пухта ҳозирлик кўрганини амалда намойиш этиб, финалга қадар барча рақибларини мағлуб этди. Ҳал қилувчи баҳсда рақиби Элбой Ибрагимовга муносиб қаршилик кўрсатганига қарамай, имкониятни бой берди ва турнирнинг кумуш медалига сазовор бўлди. Тажрибали курашчи Зафар Бўриев учинчи ўринни банд этди.
Мусобақа якунида барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати