10 декабрь – Давлат мадҳияси қабул қилинган кун!

Бундан роппа-роса 30 йил олдин 1992 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисидаги Қонун қабул қилинган. Мазкур сана муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб байрам тантаналари ўтказилмоқда. “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида ташкил этилган тадбир ҳам ходимларнинг давлат мадҳиясини жўр бўлиб куйлашларидан бошланди.

Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир. Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчи саналади. Тадбирда мадҳиялар тарихи ҳақида ҳам сўз борди.

Давлат тимсоллари, жумладан, давлат гимнлари ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, тарихи, анъаналари, маънавий дунёсини ўзида ифодалайди. Давлатнинг бош қўшиғи – мадҳия турли тилларда турлича номланади. Кўпгина Европа тилларида бу атама “гимн” сўзи билан ифодаланади.

Давлат мадҳиялари ҳам ўзига хос тарихга эга. Аммо улар дастлаб асосан ҳукмдорларни шарафлашга қаратилган. Дунёдаги энг қадимги гимн – Япония давлат мадҳияси бўлиб, унинг матни Япония тарихининг Хэйан даврида (794–1185) яратилган. Фақат 1880 йилга келиб, унга куй басталанган.

Ўзбек давлатчилиги тарихида ҳам миллий мадҳиялар алоҳида ўрин тутиб келган. Қадимги Турк ҳоқонлиги, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврида қўшинларнинг алоҳида саф қўшиқлари, ҳарбий маршлари бўлган. Жанг пайтида махсус мусиқачилар табл, карна, бурғу, ноғора ва бошқа махсус асосларда жанговар мусиқаларни ижро этишган, бу аскарларга ўзига хос жўшқинлик бахш этгани таъкидланди.


“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати