Конституция – фаровон ҳаёт гарови

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Республикамиз бўйлаб турли маданий тадбирлар ташкил этилди. Транспорт вазирлигида “Конституция инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати – тараққиёт гарови” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Семинарда Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий транспорт бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари, жумладан “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ходимлари бевосита ҳамда онлайн иштирок этишди.

Мазкур тадбирда Тошкент давлат транспорт университети профессори, юридик фанлар доктори Ақида Дадашева қатнашиб, Бош Қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос эканлиги ҳақида атрофлича маълумот берди. Конституциявий ислоҳотлар ҳамда бунга қадар киритилган ўзгаришлар ҳақида атрофлича тушунтириш берди.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли конституциявий  ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва пировардида, инсон қадрини улуғлаш, унинг оғирини енгил қилиш, ҳаётини яхшилаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга татбиқ этиш эканлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Конституциявий ислоҳотларнинг энг асосий элементи “инсон шаъни ва қадрини” улуғлаш, аввал амал қилган “давлат – жамият – инсон” парадигмасини янги “инсон – жамият – давлат” парадигмасига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш эканлиги билдирилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати