Тил байрами кўтаринки руҳда давом этмоқда

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кун сифатида мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати билан “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида маърифий соат ўтказилди. Тадбирда ўзбек тилининг тарихи, бугуни ва келажаги, мақоми тўғрисида сўз юритилди. Тилимиз тараққиёти йўлида босиб ўтилган йўл эсга олинди. Тил билиш афзалликлари ва бу билан боғлиқ қизиқарли воқеаларга тўхталиб ўтилди.

 

 Шунингдек, Транспорт вазирлиги ташаббуси билан Адиблар хиёбонида “Қадринг баланд бўлсин,  она тилим” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда вазирлик тизимидаги ташкилотлар ходимлари,  Транспорт университетнинг Темир йўл транспорти муҳандислиги факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ижодкор ёшлар, шоирлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди. Тадбир давомида буюк аждодларимизнинг ғазал ва шеърларидан намуналар ўқилди,  савол-жавоблар асосида иштирокчилар ўртасида викторина ўтказилди,  ғолибларга бадиий китоблар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.

Тадбирга таклиф этилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир ва ёзувчи Абдураззоқ Обрўйнинг шеърлари, ҳажв ва мутойибага бой пародиялари барчага бирдек манзур бўлиб, кечага ўзгача завқ бағишлади. Шоир тадбир якунида ёшларга дастхати туширилган китобларни совға қилди.

Тил байрамига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати