Навоий шаҳрида тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари давлат ҳимоясига олинган бўлиб, уларнинг фаолиятларини ривожлантириш учун кўплаб имкониятлар яратиб берилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги поғонага олиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишда янги талабларни белгилаб берди. Назорат органларининг ҳуқуқи ва мажбуриятлари, очиқлик ва шаффофлик каби омилларни ўзига қамраб олган қарор тўғри ва аниқ ишлаши, тадбиркорлар билан бирга назорат органлари учун ҳам муҳим. Шу боис мазкур қарор ва соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини кенг ва манзилли тарғиб қилиш мақсадида “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан жойларда ўқув семинарларини ўтказиб келинмоқда. Навоий вилояти “Тинчлик станциясида” ўтган тадбирда инспекция марказий аппарати, ҳудудий филиал ходимлари ва шахобча темир йўлига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари вакиллари қатнашишди.
Иштирокчилар қонунчилик ҳужжатлари, инспекцияда коррупцияга қарши курашиш ва уни олдини олиш “комплаенс назорат” тизими, инспекция раҳбариятига мурожаат қилиш алоқа каналлари ҳақида ва ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларда батафсил ахборот олишди. Шунингдек, йиғилганларга инспекциянинг асосий фаолият йўналиши – темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл қўйилган камчиликлар ва уларни олдини олиш борасида тавсиялар берилди.
Соҳага оид янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (2022 йил 27 июлда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, рўйхат рақами - 3376) ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида ахборот берилди.
Мазкур буйруқда билан назарда тутилган:
темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда содир бўлган ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатларини таснифлаш мезонларини белгилаш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари бўйича хизмат текширувини ташкил этишда давлат органлари ва идораларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатларини холисона таснифланишини таъминлаш;
давлат органлари томонидан темир йўл транспорти ва метрополитенда содир бўлган ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари ҳисобини юритиш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари сабабларини аниқлаш каби вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди.
Тарғибот тадбирлари инспекциянинг қолган филиалларида давом эттирилади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати