Фахрийлар ҳар доим эътиборда, эъзозда
Инспекцияда 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан маданий тадбир ташкил этилди. Унда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган фахрийлар эътироф этилди. Инспекция ташкил этилишида тамал тошини қўйган, уни шаклланишида жонбозлик қилган ва бугунги кунда ҳам ўзларини маслаҳатлари билан ёшларга кўмак бераётган ходимлар шаънига илиқ фикрлар, табриклар билдирилиб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг “Ташаккурнома”лари, инспекция раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг самарали фаолиятлари эсга олиниб, юқори эътироф этилди.
Ўз навбатида қилинган эътибордан хурсанд бўлган фахрийлар ўз қувончларини яшириб ўтиришмади. Темир йўл соҳасидаги муҳим вазифалардан бўлган ҳаракат хавфсизлигини таъминлашни назорат қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифани олиб бораётган инспекция жамоасига омад ва зафарлар тилашди. Ўтган даврда амалга оширилган ишлар, қизиқарли воқеалар тилга олинди. Ёшлар ва фахрийларни ўзида бирлаштирган тадбир самимиятга бурканди. Катта авлод вакиллари бугунги шиддатли замонда дадил одимлаётган “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясини мунтазам кузатиб бораётганликларини ва амалга оширилган ишлардан мамнунликларини билдиришди.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати