“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси брифинги
Бугун АОКАда инспекция Ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов иштирокида ОАВ ходимлари ва кенг жамоатчилик учун брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (2022 йил 27 июлда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, рўйхат рақами - 3376) ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида ахборот берилди.
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Буйруқда назарда тутилган вазифалар:
темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда содир бўлган ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатларини таснифлаш мезонларини белгилаш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари бўйича хизмат текширувини ташкил этишда давлат органлари ва идораларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатларини холисона таснифланишини таъминлаш;
давлат органлари томонидан темир йўл транспорти ва метрополитенда содир бўлган ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари ҳисобини юритиш;
ҳаракат хавфсизлиги бузилиши ҳолатлари сабабларини аниқлаш.
Буйруқни тайёрлашда “1520 ягона излар оралиғи” ягона темир йўл маконидаги МДҲга аъзо давлатларнинг тажрибаси ўрганилди ва қўлланилди.
Мазкур буйруқнинг қабул қилиниши амалдаги қонун ҳужжатлари меъёрларини темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракати қонунчилик ҳужжатларидан келиб чиқадиган талабларга мувофиқлаштиришга, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларидаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга имкон беради.
Шунингдек, буйруқнинг қабул қилиниши темир йўл кесишмаларида содир бўлаётган автотранспорт ва темир йўл ҳаракатдаги таркиблари ўртасидаги тўқнашув ҳолатларини ҳисобга олиш, сабабларини ўрганиш ва таснифлаш имкониятини беради.
Буйруқ лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун белгиланган тартибда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига (regulation.gov.uz)га (ҳужжат рақами ID-47237, 2021 йил 5 июлидан 20 июлигача) жойлаштирилган.
Буйруқ белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ билан келишилган.
Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат хавфсизлиги бузилишлари бўйича барча ҳодисаларни ҳамда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишларининг сабаблари, оқибатларини ва ушбу ҳодисаларда айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, шунингдек келгусида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишлари келиб чиқишини олдини олиш мақсадида хизмат текшируви ўтказилади.
Ҳудудида ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисалар содир бўлган темир йўл транспорти субъектлари ёки метрополитен масъул ходимлари мавжуд алоқа воситаси (телефон, телеграф ва бошқа алоқа воситалари) орқали тегишлилиги бўйича ваколатли органларни ҳамда ҳаракатдаги таркиб ва юк манфаатдори ёки эгаларини содир бўлган ҳодиса ҳақида дарҳол хабардор қилишлари лозим.
Содир бўлган ҳолатнинг кўламидан келиб чиқиб, Вазирлик комиссияси, темир йўл транспорти субъекти комиссияси ва метрополитен комиссияси тузилади. Комиссиялар ўз ваколати доирасида хизмат текширувини ташкил қилиш ҳамда якуний хулоса бериш юзасидан қарорлар қабул қилади.
Қуйидагилар комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
жойига чиққан ҳолда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишларининг юзага келиш ҳолатлари ва сабабларини ўрганиш;
ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишларининг оқибатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш;
жабрланган шахсларга тегишли ёрдам кўрсатиш, темир йўл транспорти (метрополитен) ҳаракатини тиклаш;
ҳаракатдаги таркибнинг, темир йўл транспорти ёки метрополитен инфратузилмаси объектларининг амалдаги ҳолатини темир йўл транспорти ёки метрополитендан фойдаланишни, шунингдек ҳаракат ва ташишлар хавфсизлигини тартибга солувчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш;
ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги бузилишларини келтириб чиқарган ёки уларнинг юзага келишига сабаб бўлган темир йўл транспорти (умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўллар) ёки метрополитен ходимларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) баҳолаш;
текширув материалларини ушбу Низом талабларига мувофиқ расмийлаштириш ҳамда мазкур материаллар нусхаларини ўн беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва «Ўзтемирйўлназорат» инспекциясига тақдим этиш.
Хизмат текширувини ўтказиш муддати ўн беш иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Экспертиза ва текширув материаллари асосида темир йўл транспорти субъекти ёки «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан ҳаракат хавфсизлигининг бузилиши билан боғлиқ йўл қўйилган ҳодисаларнинг қайта такрорланмаслигини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Чора-тадбирлар режасининг амалга оширилиш тўғрисидаги ҳисобот ўттиз иш кунидан ошмаган муддатда тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда «Ўзтемирйўлназорат» инспекциясига тақдим этилади.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати