Жамоатчилик кенгаши йиғилишида муҳим ...

 Жамоатчилик кенгаши йиғилишида муҳим масалалар таҳлил қилинди

Дастлаб жамоатчилик кенгашининг раиси А.Калимбетов сўзга чиқиб, инспекциянинг асосий фаолияти бўлмиш – темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминланганини амалдаги қонунчилик талаблари асосида назоратини амалга ошириш борасидаги ишларни расмий сайт ва ОАВ ҳамда бевосита ташкилот томонидан олиб борилаётган жараёнларни кузатиб бориш орқали етарли маълумотга эга эканлигини билдирди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида назорат тадбирлари очиқ, шаффоф ва амалдаги қонунчилик асосида ташкил этилаётганини ижобий баҳолади.

Кенгаш котиби Ф.Хайриддинов инспекция томонидан жорий йил дастлабки ярим йилликда амалга оширилган ишлар ва эришилган ижобий ўзгаришлар тўғрисида ҳисоботи тингланди. Таъкидланишича, дастлабки 6 ойликда бажарилган ишлар 2 август санасида АОКАда ОАВ ходимлари иштирокида брифингда жамоатчилик ҳукмига ҳавола қилинган.

Инспекция томонидан 2022 - йилнинг 6 ойи давомида жами 107 та корхона ва ташкилотларда назорат тадбирлари ўтказилиб, 9837 та камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан хавфсизликка таҳдид солувчи камчиликлар сони 4452 тани ташкил этган. 

Текшириш натижалари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектларига тақиқловчи чораларни белгиловчи 104 та бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

2022 йилнинг 6 ойи давомида жами 304 темир йўллари,  113 та  локомотив, 941 та юк ва йўловчи вагонлари носозлиги ёки фойдаланиш муддати ўтганлиги аниқланиб, фойдаланишдан тўхтатилган.

Ҳисобот даврида темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотлари томонидан темир йўлларда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва темир йўлда ташишлар хавфсизлигини таъминлайдиган техник воситаларнинг ишончлилигини оширишга қаратилган 1567 та комплекс профилактика чора-тадбирлари ўтказилган.

Профилактика тадбирларида жами 11227 нафар фаолияти темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш  билан бевосита боғлиқ раҳбарлар, муҳандислар, ишчи ходимлар иштирок этган ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси томонидан Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларидаги тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракат хавфсизлигини таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юқори тезликдаги Тошкент-Самарқанд-Қарши-Китоб, Мароқанд-Бухоро участкаларида 2022 - йилнинг 6 ойи давомида 664 нафар ходим иштирокидаги 234 та семинар ва профилактика тадбирлари амалга оширилди.

Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида, 2022 - йилнинг 6 ойида темир йўл транспортида ҳаракатланиш хавфсизлиги бузилишларининг умумий сони 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 20% га камайган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 - йилда 34 та ҳолатни ташкил этган бўлса, 2021 – йилдагидан 8 та ҳолатга камайгани қайд этилган.

Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли темир йўлларда поездлар ҳаракат хавфсизлиги бузилиши бўйича ўтган йилги кўрсаткич 22 та ҳолат ўзгаришсиз қолган. Мазкур кўрсаткич саноат корхоналари шохобча йўлларида 2022 - йилнинг 6 ойи давомида 8 тага камайиб, 12 та ҳолатни ташкил этган.

Инспекция томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан берилган кўрсатмаларга асосан вазирлик ва идораларга қарашли “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига кирмайдиган  шохобча темир йўлларида қуйидаги ўзгариш ва ижобий натижаларга эришилган:

1524,28 км темир йўл капитал таъмирланган;

11 комплект стрелкали ўтказгичлар алмаштирилган;

1216 дона вагон капитал таъмирланган;

8 дона янги вагон харид қилинган;

35 дона локомотив капитал таъмирланган;

6465 дона шпал ва 3,598 км рельс алмаштирилган.

Жорий йил инспекция томонидан 6 та темир йўлларда ташишлар хавфсизлигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган, бўлиб айни пайтда мазкур лойиҳалар қабул қилиш учун киритилган.

Кенгаш аъзолари амалга оширилган ишларни  кўриб чиқиб, ижобий баҳолашди. Шунингдек, бу борадаги ишларни такомиллаштириш борасида ўз тавсияларини беришди. Жумладан, профилактик тадбирлар ва семинарларда соҳага доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенгроқ тарғиб этиш юзасидан ишларни янада жадаллаштириш тавсия этилди.

 

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати