Ҳуқуқий билимлар куни ўтказилди

 

Инспекция ходимларнинг ҳуқуқий билим ва малакаларини мустаҳкамлаш, ташкилотга келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ҳар ой “Ҳуқуқий билимлар куни” ташкил этилмоқда. Ўқув семинарда марказий аппарат ва филиаллар ходимлари соҳага оид ва бошқа янги қабул қилинган норматив ҳужжатлар билан слайд ва инфографикалар орқали танишиб бормоқдалар. Бугунги семинарда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Темир йўл транспорти ҳамда метрополитенда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг бузилиши билан боғлиқ ҳодисаларни таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи (27.07.2022 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 3376) тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Бундан ташқари коррупцияга қарши курашиш бўйича инспекцияда қабул қилинган ички ҳужжатлар ва амалга оширилган ишлар тўғрисида масъул ходим тўхталиб ўтди. Инспекция барча ходимлари қабул қилинган ички ҳужжатлар талабига қатъий риоя қилишлари, манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳолатларга йўл қўймасликлари лозимлиги таъкидланди. Коррупцион ҳолатлар гувоҳи бўлиб қолганда ёки хабардор бўлганда зудлик билан инспекция раҳбарияти ва масъул ходимга билдиришлари кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳафта давомида қабул қилинган қонун ва қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти тушунтирилди. Ижро интизомини таъминлаш ва бу борадаги ишларни янада мустаҳкамлашга бағишланган слайд йиғилганларга намойиш этилди. Ходимлардан тушган саволларга асосланган жавоблар берилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати