Хотин-қизлар гендер тенглигини таъминлаш – ислоҳотларнинг муҳим омили

Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар гендер тенглигини таъминлаш – ислоҳотларнинг муҳим омили

Ўзбекистон Республикасининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда оила ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг мазмун ва моҳияти борасида “Ўзтемирйўлназорат” инспекциясида семинар-машғулоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурманова ҳамда институт кичик илмий ходими Шаҳноза Жураева шунингдек, инспекция марказий аппарати офлайн, ҳудудий филиал ходимлари онлайн иштирок этишди.

Семинар давомида Ойниса Мусурманова семинар иштирокчиларига мустақиллигимизнинг 31 йиллиги олдидан кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликка эришишни таъминлаш борасида муҳим ишлар амалга оширилганлиги, сўнгги йилларда 30 дан ортиқ ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганлиги билдирди. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар,  2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда  “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари, қатор қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари тўғрисида атрофлича маълумотлар берди. Шунингдек, Ўзбекистон  Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика ва ҳудудий комиссиялари ташкил этилганлиги борасида амалга оширилаётган янги тизимлари ва механизмлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 7 та йўналиши, 100 та мақсадининг  69-мақсади: “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш”нинг 7 та устувор йўналишларини амалга ошириш  учун гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялари ҳудудлардаги хотин-қизларнинг гендер тенглигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотлар изчиллиги юзасидан батафсил ахборот берилди.

Тадбир давомида илмий-тадқиқот институти томонидан мазкур масала бўйича тайёрланган ва чоп этилган  “Фарзандларимга насиҳат”, “Маҳалла ҳаёт кўзгуси”, “Аёллари ардоқланган юрт” номли китоблари инспекция кутубхонаси ва семинар иштирокчиларига тақдим этилди. Шу билан бирга, семинар иштирокчиларини қизиқтирган масалалар бўйича саволларига жавоблар берилди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати