Темир йўл кесишмаларида эҳтиёт бўлинг!

“Ўзтемирйўлназорат” инспексияси Фарғона ҳудудий  филиали томонидан  “МУХАММАДАЛИ БИЗНЕС ЗИЁ” МЧЖ ходимлари иштирокида семинар машғулоти бўлиб ўтди. Унда темир йўл ҳудуди, темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидалари ҳамда мазкур қоидаларга риоя қилмаслик оқибатлари тушунтирилди.

Водий вилоятлари темир йўлларида 2022 йилнинг 6 ойи мобайнида фуқароларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида поездлар билан  4 маротаба тўқнашувлар  юз бериб,  инсонлар ҳаёти  фожиали якунланди. Темир йўл ҳудудида юрганда айрим ёшларни телефон қулоқчинлардан фойдаланишлари, белгиланмаган жойлардан юришлари ҳамда темир йўл қоидалари талабларига риоя этмасликлари ҳаёт ва соғлиқларини катта хавф остига қолдирмоқда. Семинарда бу каби ҳолатларга дуч келмаслик учун  қоидаларга қатъий амал қилиш лозимлиги таъкидланди.

Темир йўлни кесиб ўтиш вақтида поездларни яқинлашиб келмаётганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ҳаракатланишни давом эттириш, кесиб ўтиш тўғри бурчак остида бўлиши, ўтиш жойларида рельс устига оёқ қўймасдан ҳаракатланиш, стрелка ўтказгичи устида оёқ билан турмаслик, тўхтаб турган вагонлар тагидан ўтиш тақиқланганлиги тушунтирилди. Станцияларда электровоз, тепловозлар тўхтаб турганда уларни олди ёки орқасидан ўтаётганда камида 5 метр, 2 та вагонлар орасидан камида 10 метр  оралиқ масофа бўлиши шарт. Темир йўлларни фақат белгиланган жойлардан кесиб ўтиш талаб этилади. 

Бундан ташқари темир йўл бўйлаб янги контакт тармоғи линияси қурилган бўлиб, электропоездлар ҳаракатланиши учун тармоқда 27,5 кВ электр кучланиши мавжуд. Ушбу контакт тармоғи симлари 5675см - 6800 см баландликда ҳамда ундан юқори кучланишли электр токи оқиб ўтиши натижасида ушбу линия бўйлаб электр магнит майдони ҳосил бўлади ва ўз ўзидан шу линияга яқин бўлган барча металл қурилмаларда сингдирилади. Шу боис барча фуқаролар темир йўлларда эҳтиёт бўлишлари, ҳар хил металл конструкция ва жиҳозларга қўл теккизмаслик тавсия этилди.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, темир йўлдан от-арава ҳайдаб ўтиш ва чорва молларни ҳайдаб ўтиш, чорва молларни темир йўл яқинида боқиш қоидаларини бузиш Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. 

Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати