Назорат тадбирларида нималарга амал қилиш керак?

Бизнес-омбудсман девони ташаббуси билан “Ўзтемирйўлназорат”  инспекцияси марказий аппарати ва филиаллари ходимлари учун онлайн семинар ўтказилди. Тадбирни вакил девони етакчи инспектори Дилшод Насриддинов олиб борди. Унда назорат тадбирларини олиб борувчи инспекторларга тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишлар тартиблари тушунтирилди ҳамда керакли тавсиялар берилди.

Тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, ундан қулай фойдаланиш учун платформа яратилган. Мазкур платформа тадбиркорлик субъектларида амалга оширилаётган назорат тадбирларининг барча босқичларидаги жараёнларни ўз ичига қамраб олган. Назорат тадбирларини олиб борувчи ходим ўрнатилган тартибда ва белгиланган муддатда маълумотларни (буйруқ, дастур, далолатнома) тизимга киритиши лозим. Семинарда ушбу тизим билан ишлаш бўйича батафсил тушунтириш берилди.

Шунингдек, амалдаги қонун ва қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг амалиётда қўлланиши бўйича тавсиялар берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6314-сонли Фармонига асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш мақсадида профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг амалга оширилиши таъкидланди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5490-сон Фармони ва “Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи (3067-сон билан Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган) талабларига қатъий риоя қилиш лозимлиги билдирилди. 

Бундан ташқари текширишлар турлари, муддати, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тавсиялар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати