Инспекция ходимлари ва жамоатчиликка мурожаат

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси бошлиғи ўринбосари Абдурахманов Аъзам Абдулхаевичнинг инспекция ходимлари ва жамоатчиликка
МУРОЖААТИ

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан нақадар хавфли ва энг катта иллатлардан бири эканлиги ҳаммамизга маълум.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, - деб бежизга таъкидламаганлар. Коррупцияга қарши нафақат Ўзбекистонда балки бутун дунёда кескин кураш олиб борилмоқда.

Республикамизда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳот “Инсон қадри учун“,  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда. Хусусан, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ҳам темир йўл транспорти соҳасида юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш юзасидан давлат назоратини амалга ошириб келмоқда.

Иқтисодиётда стратегик аҳамиятга эга бўлган темир йўлларда ҳар куни юзлаб поездлар ҳаракатланади, минглаб инсонларни ва юкларни ўз манзили томон элтади. Ўз навбатида, “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси учун ҳам ташишларда инсонларнинг хавфсизлиги биринчи ўринда туради. Шу билан бирга, республикамиз ҳудудида яшовчи фуқаролар ҳамда юртимизга ташриф буюраётган чет эллик меҳмонлар ва расмий делегация вакилларининг узоғини яқин қилаётган замонавий, қулай йўловчи поездларнинг ўз вақтида хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг вазифамиз.

Шунингдек, юкларни ташиш темир йўл транспортнинг асосий функцияси ҳисобланиб, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарилиши жараёнидан тортиб, уни давом эттириш ва якунлаш ҳамда аҳолининг эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган юкларни манзилига хавфсиз етказишдан иборатдир.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этишда инспекция ходимлари ўз ишини масъулият ва виждонан бажариши муҳим ҳисобланади. Маълумки, коррупцияни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан батамом йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамоатчилик унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Коррупция нафақат мамлакатга моддий йўқотиш олиб келади, балки тадбиркорлик ривожига, қонун устуворлигини таъминлашга тўсқинлик қилади, жамиятда ижтимоий кескинликни, давлат бошқарув органларига ишончсизликни келтириб чиқаради ва натижада ҳалокатли оқибатлар юзага келади.

“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш чоғида коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида кескин ва муросасиз кураш олиб боришга жиддий киришилди.

Инспекциянинг коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсати, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти, манфаатлар тўқнашувини бошқариш бўйича низом, алоқа каналлари орқали коррупциявий ҳатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти, этика ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўқитилишини ташкил қилиш бўйича, контрагентларни ва ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқномалар, коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти ҳамда коррупциявий хатти-ҳаракатлари ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари устидан хизмат текширувлари ўтказиш бўйича регламенти бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, инспекциянинг 2022 йил 25 январдаги 12-сонли буйруғи билан қабул қилинган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда Инспекция марказий аппарати ва ҳудудий филиалларининг коррупцияга қарши курашиш дастури асосида салмоқли ишлар амалга оширилди.

2022 йилнинг I ва II чорагида инспекция ходимларини “Коррупция ва комплеанс назорат” қисқа муддатли ўқув курси бўйича малакаси оширилди. Инспекцияда коррупциявий таваккалчиликка энг кўпроқ мойил бўлган вазифаларни бажарувчи бўлим ва ҳудудий филиал раҳбарларидан иборат 24 нафар ходим иштирок этди ва уларга курс якуни бўйича Адлия вазирлиги қошидаги “Юристлар малакасини ошириш маркази” томонидан сертификатлар тақдим этилди.

Инспекциянинг 2021 йил 12 апрелдаги “Ишга қабул қилиш, ходимларни бошқа лавозимга ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 97-сон буйруғига мувофиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда эълон қилинган мустақил, очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.

Инспекцияда ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши курашиш шартлари бўйича ўзгартиришлар киритилди.

Инспекцияда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида тезкор хабар бериш имкони берувчи алоқа каналлари, махсус ахборот порталлари, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалар фаолияти йўлга қўйилган. Инспекциянинг расмий сайти (“rwnadzor.uz”), телеграм канали (“https://t.me/Uztemiryulnazorat”), ижтимоий тармоқда (“https://www.facebook.com/Uztemiryolnazorat-inspeksiyasi-100865232225626/”) саҳифаси шулар жумласидан. Коррупцион ҳолатлар ҳақида хабар бериш учун электрон почта манзили: (antikorrupsiya@rwnadzor.uz) ҳамда қайта алоқа боти (“@ахборот_хизмати_рwнадзор_бот”) ташкил қилинган. Хусусан, инспекцияда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш механизми жорий этилган бўлиб, хабар берган ходимларни рағбатлантириш, уларнинг таъқибга олинмаслиги кафолатланади.

Агарда, мазкур иллат инспекциянинг ходимлари фаолиятида учраса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга албатта ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек “Давлат тизимини ичидан емирадиган, ижтимоий барқарорлик кушандаси бўлган коррупция балосига қарши, бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларига, одамларни менсимаслик,  маҳаллийчилик ва гуруҳбозлик иллатларига қарши барчамиз кескин кураш олиб боришимиз керак”.

Афсуски, баъзи соҳаларда фаолият юритаётган айрим нопок ходимлар ўз манфаатларини кўзлаб, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ноқонуний ишларга аралашиб қолаётгани ачинарли ҳолатдир. “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади” деган мақол бежиз айтилмаган. Содир этилган ҳар қандай порахўрлик сирлигича қолмайди, албатта ошкор бўлади. Шунинг учун мен сизларни огоҳлантириб ўтмоқчиман, ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррардир, буни ҳар бир инспекция ходими вужуди билан ҳис қилиши, кўз олдига болалари, ота-онаси ва ака-укаларини келтириши керак.

Барчамиз ваколат доирамиздан, хизмат вазифамиздан ҳамда фуқаролик бурчимиздан келиб чиқиб, ҳар бир корхона ва ташкилотларда, шунингдек, туман, шаҳар ва маҳалла ҳудудидан ўтувчи темир йўлда поездларнинг ҳаракат хавфсизлигига қаратилган қонунчилик талабларини сўзсиз бажарилишини таъминлашимиз зарур.

Инспекциянинг ташкилот ва корхоналарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 27-июлидаги ПФ-5490-сонли Фармони 2-иловаси
23-банди асосида ўтказилаётган текширувларда иштирок этаётган йўл, локомотив, ташишлар, вагон, электр таъминоти, алоқа ва сигналлаштириш хўжаликлари бўйича ҳар бир инспекторни мен шундай таърифлаган бўлардим – бу оддий ходим эмас, у давлат топшириғи ва манфаатлари бўйича унинг номидан ҳаракат қилувчи шахсдирШунинг учун инспектор деган юксак ҳамда шарафли номга доғ туширмаслик учун ҳалол бўлишимиз, олдимизга қўйилган вазифаларни виждонан, ватанпарварлик туйғусини тўлиқ ҳис этган ҳолда бажаришимиз лозим бўлади. Текширувлар тартибини бузган ходимлар Маъмурий жавобгарлик ҳамда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилишини эсдан чиқармаслик зарур.

Ўз навбатида, яна шуни айтиб ўтиш ўринлики жиноят кодексининг янги  таҳрирдаги  лойиҳаси  қайта  ишлаб чиқилган бўлиб, унда Коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда ва коррупцияга оид жиноятлар тоифасининг аниқ  (23 та) рўйхати белгиланмоқда.

Инспекция ходими ҳалол, кўнгли очиқ, ақл ва заковат соҳиби бўлса у албатта халқ ишончини, эътиборини қозона олади. Шундай экан, инспекциянинг самарали фаолияти учун авваламбор ўзимиз масъул эканлигимизни унутмайлик.

Келинглар, коррупция ва порахўрликка қарши муросасиз кураш олиб борайлик!

 

Мурожаатлар учун
ишонч телефон рақамлари: 71-299-16-65; 71-299-78-62 (37-862).