Инспекция брифинги бўлиб ўтди
Бугун АОКАда “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси Ахборот хизмати бошлиғи Фирдавс Хайриддинов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг “Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида” ги 4-сон буйруғи ҳақида маълумот берилди. Ушбу ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 3363-сон рақами билан 2022 йил 19-апрелда давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонуни 21-моддаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириғига мувофиқ тайёрланди.
Қоидалар 7 боб ва 5 та иловадан иборат бўлиб, темир йўлда ташишлар хавфсизлиги даражасини оширишни таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларини ҳамда технологик ва техноген характердаги таҳдидларнинг олдини олиш мақсадида, халқаро амалиёт ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган.
Қоидаларда:
Темир йўл кесишмаларини комиссия техник кўригидан ўтказиш ҳамда янги темир йўл кесишмаларини очиш ва ёпиш, темир йўл кесишмаларининг таснифи ва тоифаларини аниқлаш билан боғлиқ нормалар;
Темир йўл кесишмаларининг тузилиши, жиҳозланиши ва улардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар;
темир йўл кесишмалари чегарасида ва уларга олиб борадиган автомобиль йўллари участкалари тузилиши, жиҳозланиши, фойдаланилиши, сақланиши ва таъмирланишига бўлган талаблар;
темир йўл кесишмаларида навбатчи ходимлар томонидан хизматни ташкил этилиши тартиби, уларнинг фавқулодда ҳаракатлари ва мажбуриятларига бўлган талаблар белгиланди.
Мазкур Қоидаларда асосан “темир йўл изининг кенглиги – 1520 мм” бўлган Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар тажрибасидан фойдаланилди.
Ушбу Қоидалар темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлиги даражаси ошишига ва темир йўл кесишмаларидаги йўл–транспорт ҳодисалари даражаси камайишига, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат мулкига етадиган зарарларнинг, шунингдек, экологик оқибатларни олдини олишга хизмат қилади.
Қоидаларда темир йўл кесишмалари темир йўл инфратузилмаси эгаси ёки шохобча йўллари эгаси томонидан ўзларининг мутахассисларидан иборат таркибда тузиладиган Темир йўл кесишмаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича комиссия кўригидан ҳар йили камида бир марта ўтказилиши лозимлиги белгиланган.
Инфратузилма эгаси ёки шохобча йўллари эгаси навбатдаги Комиссия кўриги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, кўрик ўтказилаётган темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи автомобиль йўл участкаси эгаси ҳамда йўловчи ташиш транспорт ташкилотига кўрик ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида маълумотларни кўрсатган ҳолда, ёзма равишда хабарнома юборади.
Комиссия кўриги натижалари бўйича аниқланган ҳолатлар юзасидан далолатнома тузилади. Далолатномада қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар, шу жумладан ушбу камчиликларни бартараф этиш муддатлари кўрсатилади.
Комиссия кўриги натижалари бўйича далолатномада кўрсатилган камчиликларнинг белгиланган муддатларда бартараф этилиши устидан назорат “Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси, Автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзйўлинспекция” ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Темир йўл кесишмаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишиш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 мартдаги 111-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобиль йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ва АГҚС (автомобилларга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш) станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади.
Поездлар ҳаракатининг тезлиги соатига 200 километрдан ортиқ бўлган юқори тезликдаги темир йўл йўналишларида янги темир йўл кесишмаларини лойиҳалаш ва очиш тақиқланади.
Мазкур ҳужжат 2022 йил 20 июлдан кучга киради.
“Ўзтемирйўлназорат” инспекцияси
Ахборот хизмати